2025 йил 17 июнда кучга кирган қонунга кўра, суд ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда шаффофликни ошириш ва инсон омилини камайтириш мақсадида бир қатор янгиликлар жорий этилди. Улар орасида ижро жараёнларини видеога олиш, ижро ҳужжатларида шахсий идентификация рақамларини киритиш, ҳамда тарафларга электрон шаклда ҳужжатларни етказиш нормалари алоҳида аҳамиятга эга.
Қонунга мувофиқ, жисмоний шахслар учун шахсий идентификация рақами, юридик шахслар учун эса солиқ тўловчи идентификация рақамини кўрсатиш мажбурий ҳисобланади. Шунингдек, ижро жараёнида қабул қилинган қарорлар ЯИДХП ва солиқ органлари платформалари орқали юборилади.
Янги нормалардан яна бири — фуқароларнинг минимал даромадига ундирув қаратиш тақиқланади. Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг ярми ҳисобидаги маблағларга тегилмаслиги белгиланди.
Қонун ижро жараёнини назорат қилиш учун Мажбуриятлар реестрини юритишни ҳам назарда тутади. Маълумотлар автоматлаштирилган тизимда сақланиб, 10 йил давомида сақланади.
Бундан ташқари, давлат ташкилотлари томонидан ижро ҳужжатларининг бажарилмаслиги учун жавобгарлик кучайтирилди. Мансабдорларга нисбатан жарима миқдори БҲМнинг 20 бараваригача оширилди.
Янги қонун «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида кўзда тутилган мақсадлар – фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва одил судлов самарадорлигини оширишга хизмат қилади.