2025 йил 28 июн санасидан бошлаб Тошкент метрополитенининг “Қурувчилар” (12-бекат) ва “Янгиобод” (6-бекат) бекатлари орасида поездлар ҳаракати вақтинча тўхтатилади. Бу ҳақда “Тошкент метрополитени” ДУК расман хабар берди.
Маълумотга кўра, мазкур чоралар янги қурилган йўналишларда хавфсизликни таъминлаш, техник хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида режали профилактик ишлар доирасида амалга оширилмоқда. Ушбу ишлар шаҳар метросининг ер усти ҳалқа йўналишида 3 ой давомида босқичма-босқич олиб борилади.
Йўловчилар учун қулайлик яратиш мақсадида “Қипчоқ – Янгиобод – Қипчоқ” йўналишида бепул хизмат кўрсатадиган катта сиғимли автобуслар — метроавтобуслар ҳаракати ташкил этилади. Уларнинг иш вақти ҳар куни соат 05:00 дан 23:00 гача белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ шу каби профилактик ишлар туфайли “Турон” ва “Қипчоқ” бекатлари орасида ҳам поездлар ҳаракати вақтинча тўхтатилган эди.
Тошкент метрополитени раҳбарияти йўловчилардан юзага келадиган вақтинчалик ноқулайликлар учун узр сўраган ва муаммоларни минимал даражада сақлашга ҳаракат қилишларини маълум қилган.