Путин «Орешник» ракетаси оммавий ишлаб чиқарилишини эълон қилди

24.06.2025 13:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Россия президенти Владимир Путин ўрта масофали «Орешник» баллистик ракетасининг оммавий ишлаб чиқарилиши бошланганини маълум қилди. У янги қурол амалда ўзини яхши намоён этганини таъкидлади.

Putin2

Россия президенти Владимир Путин мамлакатда «Орешник» ўрта масофали баллистик ракетасининг серийали ишлаб чиқарилиши бошланганини эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, мазкур ракеталар жанг майдонида самарали синовдан ўтган.

Путин, Россия армияси ва флотига техник жиҳатдан модернизация қилиш устувор вазифа бўлиб қолишини, бу жараёнда ядро триадасига алоҳида эътибор қаратилишини таъкидлади.

Россия стратегик ракета қўшинлари замонавий «Ярс» ракеталари билан таъминланиши режалаштирилган. Шунингдек, 2025 йилда авиация таркиби янги модернизация қилинган Ту-160М ракета ташувчи самолётлари билан тўлдирилади.

Путиннинг маълум қилишича, «Орешник» ракетаси жанг майдонида синовдан муваффақиятли ўтган ва энди уни оммавий ишлаб чиқариш жараёни бошланган. Бундан ташқари, Россия ҳарбий-денгиз флоти таркибига янги, сўнгги авлод юқори аниқликдаги қуроллар билан жиҳозланган кемалар ва сувости кемалари киритилиши режалаштирилмоқда.

Россия раҳбари мамлакатининг армия ва қурол-яроғини ривожлантиришга катта сармоя киритишга мажбур бўлаётганини Ғарб давлатлари ва НАТО билан боғлади. У НАТО навбатдаги саммитида алянс салоҳиятини кенгайтириш бўйича йирик дастурни бошлашни режалаштираётганини ва бу мақсадда ҳарбий харажатлар оширилишини таъкидлади.

Путиннинг сўзларига кўра, Россия ўз хавфсизлигини таъминлаш учун барча зарур чораларни кўради ва армияни суверенитет кафолати сифатида мустаҳкамлашда давом этади.

СИПРИ маълумотларига кўра, 2025 йил январ ҳолатига Россия 592 та стратегик ракета ташувчига эга бўлган. Уларнинг 333 таси қуруқликда жойлашган бўлиб, шу жумладан 206 та «Ярс» ракетаси тўртта 250 килотонна қувватга эга бўлган бош қисми билан жиҳозланган.