30 июндан бошлаб Россия визасиз тартибда кирувчи хорижликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун электрон рўйхатдан ўтиш тизимини синов тариқасида жорий қилади. Бу тажриба бир йил давом этади ва у руID мобил иловаси орқали амалга оширилади.
Россиянинг Қозоғистондаги элчихонаси маълумотича, ушбу янгилик визасиз саёҳат қилувчи фуқаролар, жумладан, ўзбекистонликларга ҳам тааллуқли. Унга кўра, сафарга чиқишдан аввал Ягона идентификация ва аутентификация тизимида рўйхатдан ўтиш ва руID иловаси орқали ариза топшириш таклиф этилади.
Ариза тўлдириш ихтиёрий бўлиб, уни сафардан 90 кун олдин ва камида 72 соат қолганида юбориш мумкин. Фавқулодда ҳолатларда (масалан, касаллик ёки яқин қариндошнинг вафоти) тўрт соатлик муддат ҳам белгиланган, лекин бу ҳолда тасдиқловчи ҳужжатлар талаб қилинади.
Аризада фуқаро Россияга ташриф мақсади, саналар, ташриф буюриладиган ҳудудлар ва ҳамроҳликдаги болалар ҳақидаги маълумотларни кўрсатиши лозим. Шунингдек, биометрик маълумотларни ҳам тақдим этиш мумкин: юз ва паспорт суратлари, овоз ёзуви. Агар биометрик маълумотлар аввалроқ тақдим этилган бўлса, “Госуслуги” орқали фақат селфи ва сафар маълумотлари билан ариза юбориш мумкин.
Аризани тўлдирмаслик чегарадан ўтишга тўсқинлик қилмайди, аммо унинг мавжудлиги Россия давлат хизматлари, уяли алоқа ва тўлов тизимларидан фойдаланиш имконини очади. Бу тажриба визали кириш тартибига таъсир қилмайди.
Эслатиб ўтамиз, 30 июндан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари Россияга киришда QR-кодга эга бўлиши талаб қилинади.