«Ижтимоий иш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси Парламент қуйи палатасида биринчи ўқишда маъқулланди

24.06.2025 15:25 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда эҳтиёжманд аҳоли қатламини қўллаб-қувватлаш тизимини ҳуқуқий асосда мустаҳкамлаш мақсадида «Ижтимоий иш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан маъқулланди.

зфкдфьуте

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида муҳокама қилинган мазкур қонун лойиҳаси орқали мамлакатда амалга оширилаётган ижтимоий ҳимоя ислоҳотларини қонун даражасида тартибга солиш кўзда тутилмоқда. Сўнгги йилларда аҳолининг ижтимоий ёрдамга муҳтож қатлами учун рақамлаштирилган, шаффоф ва адолатли механизмлар асосида хизмат кўрсатиш амалиёти жорий этилган.

Шу билан бирга, ижтимоий хизмат кўрсатиш тизими шакллантирилган бўлса-да, ижтимоий иш билан боғлиқ муносабатларни алоҳида қонун билан тартибга солиш зарурати вужудга келгани таъкидланди. Қонун лойиҳасида ижтимоий иш соҳасида давлат сиёсати асослари, ижтимоий иш ташкил этиладиган соҳалар, идоралараро ҳамкорлик механизмлари, ижтимоий ходимнинг мақоми ва мажбуриятлари белгиланмоқда.

Шунингдек, ижтимоий ёрдамга муҳтож оила ёки шахсни аниқлаш ва уларни тегишли мақомда тан олиш мезонлари, ижтимоий хизматлардан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқ ва бурчлари ҳам қонунда акс этмоқда. Ижтимоий хизмат турлари, хизмат кўрсатишни тўхтатиш шартлари ва стандартлари ҳам лойиҳанинг муҳим жиҳатларидан бири сифатида қайд этилди.

Мажлисда депутатлар қонуннинг аҳамиятини алоҳида таъкидлаб, айрим нормалар юзасидан аниқлик киритиш мақсадида саволлар йўлладилар. Қонун матнини янада такомиллаштириш бўйича таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Муҳокамалар якунлангач, лойиҳа депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.