АҚШ муҳожирларни оммавий ҳайдашга киришмоқда. Олий суд бунга йўл очди

22:20 | 2 дақиқада ўқилади.

АҚШ Олий суди Бостон судининг ноқонуний муҳожирларни учинчи давлатларга депортация қилишни тўхтатувчи қарорини бекор қилди. Бу қарор мамлакатда муҳожирлар сиёсатида янги босқични бошлаши мумкин.

Flag

АҚШ Олий суди Бостон округ судининг ноқонуний муҳожирларни «учинчи давлат»ларга депортация қилишни тақиқловчи қарорини бекор қилди. Суднинг янги қарорига кўра, ҳужжатсиз муҳожирларни қабул қилишга тайёр эканини билдирган мамлакатларга юбориш мумкин бўлади.

АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги бу қарорни олқишлаб, Олий суднинг хулосасини «Америка халқининг хавфсизлиги учун муҳим ютуқ», деб атади. Расмий баёнотда айтилишича, энди федерал маъмурлар иммиграция қоидаларини бузганларни самарали тарзда депортация қилиш имконига эга бўлади.

Бу қарор Доналд Трамп маъмуриятининг ноқонуний муҳожирларга қарши қатъий сиёсатини қўллаб-қувватловчи қадам сифатида баҳоланмоқда. Президентнинг сайловолди дастурида айнан иммиграцияни чеклаш ва мамлакатдаги миллионлаб ҳужжатсиз муҳожирларни чиқариб юбориш устувор вазифа сифатида белгиланган.

The Washington Post газетаси маълумотига кўра, амалдаги президент келаси 12 ой ичида 1 миллионга яқин муҳожирни Қўшма Штатлардан чиқариб юборишни режалаштирмоқда.