Мирзиёевнинг Улан-Батор сафари: денгизсиз давлатлар учун йўл, мўғул талабаларига таълим ва кўп қиррали ҳамкорлик

08:00 | 5 дақиқада ўқилади.

Мўғулистон Давлат саройида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсухнинг тор доирадаги ва расмий делегациялар иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

President mongolia

Учрашув аввалида давлат раҳбари Мўғулистон етакчисига самимий қабул ҳамда ушбу мамлакатга жавоб давлат ташрифи билан келиш таклифи учун миннатдорлик билдирган.

Икки томонлама муносабатлар тарихида биринчиси бўлган ушбу ташриф кўп қиррали Ўзбекистон-Мўғулистон алоқаларини ривожлантиришда янги босқични бошлаб бериши алоҳида таъкидланган. Ўзбекистон Президенти Мўғулистон томонини яқинлашиб келаётган Халқ инқилоби куни билан ҳам табриклаган.

Ўзбекистон-Мўғулистон дўстлик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган.

Музокараларда иқтисодий кооперацияни чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Яқин йилларда ўзаро савдони, энг аввало, талаб юқори бўлган маҳсулотлар номенклатураси ва ҳажмини ошириш ҳисобига каррасига кўпайтириш учун салмоқли салоҳият мавжудлиги қайд этилган.

Шу мақсадда имтиёзли савдо ва инвестицияларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги битимларни қабул қилишни тезлаштириш муҳимлиги таъкидланган.

Давлат раҳбари иқтисодиётнинг муайян тармоқларида саноат кооперациясини чуқурлаштириш муҳимлигини таъкидлаган. Ҳамкорликнинг қатор истиқболли йўналишлари устувор этиб белгилаб олинган.

Бу, аввало, тоғ-кон соҳасидаги шериклик, жумладан, геология-қидирув дастурини ишлаб чиқиш, хомашё ресурслари конларини ўзлаштириш, технологиялар трансфери, тажриба алмашиш ва кадрлар тайёрлаш соҳалари эканлиги таъкидланган.

Шу маънода, соҳадаги лойиҳаларни илгари суриш мақсадида Улан-Батор шаҳрида Ўзбекистон геология вазирлигининг ваколатхонаси очилгани мамнуният билан қайд этилган.

Қўшма кластерлар ташкил этиш, гўшт-сут, жун ва чарм маҳсулотларини қайта ишлаш ва ишлаб чиқариш бўйича кооперация лойиҳаларини илгари суриш асосида қишлоқ хўжалигида комплекс ҳамкорликни чуқурлаштиришдан манфаатдорлик билдирилган.

Транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш ва янги логистика йўналишларини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Йил якунига қадар пойтахтлар ўртасида тўғридан тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш режалаштирилган.

Денгизга чиқиш имконияти бўлмаган мамлакатлар учун халқаро таҳлил институти билан биргаликда энг қисқа ва самарали транспорт йўлакларини аниқлаш бўйича амалий тадқиқотлар ўтказиш таклифи билдирилган.

Олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни фаол ривожлантириш, ажратилаётган квоталар доирасида мўғул ёшларининг Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларида таълим олишини қайта тиклашга келишиб олинган.

Эришилган келишувларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”ни қабул қилиш юзасидан аҳдлашилган.

Якунда давлат раҳбари Мўғулистон Президентини жавоб ташрифи билан Ўзбекистонга келишга таклиф этган.