Трамп: «Путин Эрон масаласида ёрдам таклиф қилди, мен эса рад этдим»

09:20 | 2 дақиқада ўқилади.

АҚШ президенти Доналд Трампга кўра, Россия раҳбари Владимир Путин Яқин Шарқдаги зиддиятни ҳал этишда воситачилик таклиф қилган, аммо Трамп буни рад этган.

Trump putin1

Fox News хабарига кўра, АҚШ президенти Доналд Трамп сўнгги нутқида Россия раҳбари Владимир Путин билан телефон орқали суҳбатлашганини айтди. Трампнинг сўзларига қараганда, Путин унга Эрон-Исроил зиддияти юзасидан ёрдам таклиф қилган.

«Владимир менга қўнғироқ қилди. У: «Эрон масаласида ёрдамим керакми?» — деб сўради. Мен унга: «Йўқ, менга Эрон эмас, сиз билан боғлиқ масалада ёрдам керак», — дедим. Биз Россия билан келишувга эришишга умид қиламиз. Афсуски, ўтган ҳафта 6 минг аскар ҳалок бўлди», — деган Трамп.

Бундан аввал ҳам Трамп шунга ўхшаш фикр билдирган эди. У Россияга нисбатан муросага келишдан аввал Украинадаги урушни тўхтатиш кераклигини таъкидлаган. Унга кўра, Москва биринчи навбатда Украинадаги тажовузкор ҳаракатларини бас қилиши лозим.