Жаҳон банки Ўзбекистонда кичик гидроэнергетика салоҳиятини ривожлантириш мақсадида 200 миллион долларлик кредит ажратишни маъқуллади. Маблағлар асосан янги кичик гидроэлектростанциялар (ГЭС) қурилиши ва мамлакат бўйлаб барқарор электр таъминотини таъминлашга йўналтирилади.
Банк томонидан молиялаштирилаётган ва Энергетика вазирлиги томонидан 2025–2030 йилларда амалга ошириладиган мазкур лойиҳа доирасида 150 МВтгача умумий қувватга эга бўлган кичик ГЭСлар барпо этилади. Бу станциялар йилига 520 ГВт-соатдан ортиқ электр энергияси ишлаб чиқаради. Шу билан бирга, лойиҳа ҳар йили 430 минг тонна углерод гази чиқиндисини қисқартириш имконини беради.
Ўзбекистон ҳукумати 2026 йилгача 3 мингга яқин кичик ГЭС қуришни ва уларнинг умумий қувватини 160 МВтга етказишни режалаштирган. Бу орқали 280 минг нафар аҳоли қўшимча электр энергияси билан таъминланиши мумкин.
Ҳозирда лойиҳа доирасида мамлакат бўйлаб 270 га яқин қулай лойиҳа майдонлари аниқланган. Уларнинг катта қисми (93%) 100–1000 кВт қувватга эга. Энг муҳими, бу электр энергияси “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ орқали сотиб олинади ва барқарор бозор механизмини шакллантиради.
Кичик ГЭСлар энергия балансини диверсификация қилиш, қайта тикланадиган энергия манбаларидан самарали фойдаланиш ва чекка ҳудудларда электр таъминотини яхшилашда муҳим аҳамиятга эга бўлади.