Путин Россияда реклама ва жамоат ёзувларида хорижий сўзларни тақиқлади

16:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Россия 2026 йилдан барча жамоат белгиларини фақат рус тилида ёзишни талаб қилади.

Putin smi

Россия президенти Владимир Путин жамоат жойларидаги белгилар, кўрсаткичлар, маълумот лавҳалари ва бошқа визуал ахборот воситаларида хорижий сўзлардан фойдаланишни тақиқловчи янги қонунни имзолади. Бу ҳақда Moscow Times хабар берди.

Янги қонун матни Россиянинг расмий ҳуқуқий порталларида эълон қилинди. Унга кўра, 2026 йил 1 мартдан бошлаб барча реклама, ёзув ва жамоат ахборотлари фақат рус тилида тақдим этилиши лозим. Масалан, «sale», «shop» каби хорижий сўзлардан фойдаланиш тақиқланади. Хорижий тилдаги ахборот фақат визуал дизайн талабларига тўлиқ мос келган тақдирдагина рухсат этилади.

Шунингдек, турар жой мажмуалари ва бошқа объектларга хорижий ном бериш ҳам ман этилади. Барча номлар кирилл алифбосида ёзилиши шарт. Бироқ ушбу чеклов компания номлари, товар белгилари ва хизмат кўрсатиш белгиларига тааллуқли эмас, чунки уларнинг асл талаффузи сақланиши керак.

Давлат Думаси раиси Вячеслав Володин ушбу қонунни «рус тилини ҳимоя қилишдаги илк жиддий қадам» деб атади. Унга кўра, бу қонун кўчаларда хорижий ёзувлар сонини сезиларли даражада камайтиради.

Путин 5 июн куни тилдаги «вулгар ва механик ўзлашмалар»дан халос бўлишга чақирган эди. У ўз чиқишида бундай ўзлашмалар тилни бойитиши ўрнига унинг маъносини бузишини таъкидлаган. Президент жамоат жойларида латин ва бошқа алифболар ўрнига кирилл ёзувидан кенг фойдаланиш зарурлигини ҳам айтиб ўтган.