Ўзбекистон Республикаси Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун муҳокама қилинди ва маъқулланди.
Охирги йилларда мамлакатда аҳоли, айниқса тадбиркорлар орасида интеллектуал мулк соҳасидаги ҳуқуқий билимларни ошириш, мавжуд жараёнларни рақамлаштириш ҳамда ортиқча талабларни бекор қилиш бўйича ислоҳотлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Янги қонун ушбу жараёнларни янада соддалаштиришга қаратилган.
Қонунга кўра, интеллектуал мулк объектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби енгиллаштирилади, айрим объектларни экспертиза қилиш муддати қисқартирилади ва ортиқча ҳужжатлар талаб қилинмайди. Шунингдек, патент божлари тўлашда қулайликлар яратилиши ва интеллектуал мулк ҳуқуқларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш назарда тутилмоқда.
Жумладан, «Электрон ҳисоблаш машиналари учун яратилган дастурлар ва маълумотлар базаларининг ҳуқуқий ҳимояси тўғрисида»ги қонундаги ўзгаришларга мувофиқ, электрон дастурларни рўйхатдан ўтказишда талабнома келиб тушганидан кейинги текширув муддати 10 кун этиб белгиланди.
Шу билан бирга, саноат мулки объектларини рўйхатга олишда патентни электрон тизим орқали автоматик тарзда бериш тартиби жорий этилади. Бу эса жараёнларни янада тезлаштиради.
Сенаторлар мазкур қонун интеллектуал мулк соҳасини такомиллаштириш, мамлакатнинг инновацион ривожига ҳисса қўшиш ва жамиятда интеллектуал мулкка ҳурмат руҳини шакллантиришга хизмат қилишини таъкидлашди.
Қонун Сенат томонидан расман маъқулланди.