Отаси Ўзбекистонга олиб келган ва онасига кўрсатилмаган 3 ёшли қизалоқ Россияга қайтарилди

08:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Россия Болалар омбудсмани мурожаати асосида Ўзбекистонда туриб қолган 3 ёшли қизалоқнинг манзили аниқланди. Тегишли органлар аралашуви билан бола онасига топширилиб, Россияга қайтарилди.

Sad kid

Ўзбекистон Болалар омбудсмани номига Россия Федерациясидаги ҳамкасби томонидан йўлланган мурожаат асосида 2021 йилда туғилган россиялик бола С.А. Ўзбекистонда ноқонуний ушлаб турилгани ҳолати юзасидан амалий чоралар кўрилди.

Мурожаатга кўра, бола отаси — Ўзбекистон фуқароси А.С. томонидан 2024 йил октябригача бўлган рухсат асосида олиб кетилган, аммо белгиланган муддат ўтиб кетганига қарамай, она К.С. розилигисиз бола Ўзбекистонда қолдирилган. Ота алоқага чиқмаётгани ва яшаш манзили номаълумлиги боис, она Россия омбудсманлари орқали боланинг тақдири юзасидан амалий ёрдам сўраган.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги органлари томонидан ўтказилган ўрганиш натижасида маълум бўлишича, отаси 2024 йилда ишлаш мақсадида Санкт-Петербургга кетган. Қизалоқ эса буваси А.Г. (1964 йилда туғилган) қарамоғида бўлиб, у Самарқанд шаҳрида яшаб келаётгани аниқланган.

Мутасаддилар аралашуви ва олиб борилган чоралар натижасида буваси қизалоқни ихтиёрий равишда онасига топширди. Қизалоқ онаси ҳамроҳлигида Россияга қайтди.

Шу муносабат билан Болалар омбудсмани ўзининг Россиядаги ҳамкасби билан бола ҳуқуқлари ва манфаатлари йўлида самарали ва тезкор ҳамкорликни давом эттиришини маълум қилди.