Россия бюджетидаги тақчиллик 183 фоизга ошди

08.05.2025 10:29 | 2 дақиқада ўқилади.

Россияда бюджет тақчиллиги жаҳонда нефт нархининг тушиши сабабли 3,2 трлн рублга етиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб уч баробарга кўпайди. Айни пайтда ҳар бешинчи рубл солиқ билан таъминланмаган.

Budget

Россия Молия вазирлигининг 7 майдаги ҳисоботида қайд этилишича, 2025 йилнинг дастлабки тўрт ойида давлат бюджети 3,23 трлн рубл тақчиллик билан юзага келган — бу ўтган йилнинг шу давридаги 1,14 трлн рубллик кўрсаткичга нисбатан 183 фоизга кўп.

Апрелда нефт ва газдан келган даромад 12 фоизга камайиб, 1,08 трлн рублни ташкил этди. Йил бошидан буён бу кўрсаткич 10 фоизга пасайган.

Шу билан бирга, давлат харажатлари 20 фоизга ошиб, 15,5 трлн рублга етди. Бу харажатларнинг учдан бир қисми ҳарбий мақсадларга сарфланмоқда.

Urals маркали нефт нархи апрелда бир баррели учун 54 долларгача тушди. Бу — ҳукумат режалаштирган 69,7 долларлик кўрсаткичдан анча кам. Айни пайтдаги нархларда нархда ҳар баррел 4,4 минг рублга тушмоқда — бу пандемиядан бери энг паст кўрсаткич.

Россия Молия вазирлиги бюджетни қоплаш учун Миллий фаровонлик жамғармасидан 800 млрд рублдан фойдаланиш, валюта сотиш ва солиқ тушумларини оширишни режалаштирмоқда. Аммо иқтисодчилар бу режалар амалга ошишига шубҳа билдиришмоқда.

Шунингдек, девалвация хавфи ортиб бормоқда. Bloomberg маълумотига кўра, ҳукумат 2026 йилги бюджетни қисқартиришни кўриб чиқмоқда, аммо ҳарбий харажатлар қисқариши эҳтимолдан йироқ.