Ҳокимиятга яқин оммавий ахборот воситалари ва жамоат арбоблари бу суиқасд ортида Россия турганини иддао қилмоқда, аммо Кремлдагилар буни Арманистоннинг ички иши, дея аташмоқда, деб ёзади BBC.
Қўлга олинганларнинг адвокатлари уларнинг айбиларини рад этиб, бу ишни сталинча репрессиялар тўлқини билан таққосламоқда.
Миллиардер, собиқ президентлар ва Россия — ҳукумат кимларни суиқасд билан боғламоқда?
Сешанба куни Арманистон бош вазири Никол Пашинян мухолифатдаги манбалардан олингани айтилган ҳужжатни эълон қилди, аммо оппозиция вакиллари уни сохта деб атади. Ҳозирча мазкур ҳужжатнинг ҳақиқийлигини мустақил тарзда тасдиқланмаган.
Режада ҳокимиятни босқичма-босқич эгаллаш бўйича ҳаракатлар баён этилган. Арманистон ҳукумати бу суиқасд 2024 йилнинг ёзида амалга оширилмоқчи бўлганини айтмоқда, бироқ Арманистон Тергов қўмитаси эълон қилган ҳужжатда июл-сентябр ойлари тилга олинган.
Эртаси куни, 25 июнь кун ҳуқуқ-тартибот органлари архиепископ Багратни қўлга олиб, унга террорчиликка тайёргарлик кўриш ва ҳокимиятни эгаллашга чақириш айбловини қўйди.
Арманистонда «Ҳазрат Баграт» деб танилган мазкур шахс — 54 ёшдаги, харизматик жамоат арбобидир. У Арманистон апостоллик черкови (ААЧ)нинг юқори мартабали иерархи бўлиб, ушбу черковга мамлакат аҳолисининг 90 фоизидан ортиғи мансуб.
2018 йилда Баграт Пашинянни ҳокимиятга олиб келган намойишларни қўллаб-қувватлаган, аммо кейинчалик мухолифат сафига ўтган. Унинг Россия тарафдори экани ҳақида ҳам айтиш мушкул — у Буюк Британия ва Канадада таҳсил олган ва ишлаган.
Ундан ташқари яна 13 киши қўлга олинди, улар орасида мухолифатдаги «Дашнақцутюн» партияси раиси ўринбосари Игор Саркисян ҳам бор. Шунингдек, мухолифатдаги «Арманистон» блокидан бўлган парламент депутати Артур Саркисяннинг уйида ҳам тинтув ўтказилди.
Ҳукумат томонидан ошкор қилинган ва ҳақийқийлигини дарҳол текшириш имкони бўлмаган аудиёзувларда архиепископ Баграт гўёки рози бўлмаганларни отиб ташлаш ва ҳокимиятни зўрлик билан эгаллашни таклиф қилаётгани эшитилади.
Қўлга олиш вақтида архиепископ ўзига қўйилаётган айбловлар устидан кулган, аммо ҳукумат томонидан тақдим этилган далилларга изоҳ бермаган.
Ҳукумат вакиллари, уларнинг таъкидлашича, тинтувлар вақтида суиқасд тарафдорларининг уйларидан ўқотар қуроллар топилганини, бу қуроллар ҳокимиятни эгаллашда ишлатилиши кўзда тутилганини айтмоқда. Аммо ҳукумат танқидчилари бу видеоларда фақат овчилик қуроллари акс этганини қайд этмоқда.
Қўзғолон режаси бор деган ҳужжатда ўтган ҳафта қўлга олинган россиялик-арманистонлик миллиардер Самвел Карапетян ҳамда Арманистоннинг икки собиқ президенти суиқасдчилар қаторида тилга олинган. Режани молиялаштирганлар сифатида эса Россия давлат корпорацияларига тегишли бўлган «Газпром Армения» ва «Жанубий Кавказ темир йўллари» компаниялари кўрсатилган.
Архиепископ Баграт қўлга олинганидан сўнг ҳокимиятдаги айрим шахслар ва уларнинг тарафдорлари бу суиқасд ортида Россия турганини билвосита айта бошлади. Масалан, парламент спикери ўринбосари Рубен Рубинян архиепископга мурожаат қилиб: «Энди, ҳазратлари, сизга «хорижий куч марказлари» ҳам ёрдам бера олмайди», деди. Бу ерда «хорижий марказлар» деганда Москва назарда тутилмоқда.
Пашинян ҳукумати Россия кўмагида тўнтариш уюштирилиши эҳтимолидан жиддий хавотирда. BBCʼнинг турли йиллардаги суҳбатдошлари — вазирлар махфийлик шарти билан шундай хавф ҳақида гапирган. Москва эса бу айбловларни ҳар доим рад этиб келган.
«Арманистонда сиёсий мухолифат сифатида Кремл ҳаракат қилмоқда — унинг ролини эса шу ердаги ижрочилар бажараяпти. Ҳукумат буни ҳозирча ошкор айтмаяпти, эҳтимол, Кремл билан мулоқот каналларини ёпмаслик учун», — деб ёзган ҳукуматга яқин фаол Артур Сакунц. У ўз даъволарига далил келтирмаган.
«Бу Арманистоннинг ички ишидир, — деди Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков архиепископ Баграт қўлга олиниши муносабати билан. — Биз, албатта, Арманистонда қонун устуворлиги, осойишталик сақланишидан манфаатдормиз. Ва Арманистон гуллаб-яшнаётган, барқарор ва Россия учун дўст мамлакат бўлишини истаймиз».
Бу Арманистонда сиёсий таранглик авж олган пайтда ҳокимиятдаги кучлар Москвага аралашув айбловини қўйиши биринчи марта эмас.
2023 йил сентябрида ҳукуматга яқин Telegram-каналлардан бири Кремл Пашинянни ағдариш учун Арманистонга 3000 нафар «Вагнер» жангчисини юборгани ҳақида хабар тарқатган эди. Лекин бу иддаони тасдиқловчи ҳеч қандай далил келтирилмаган ва Россия Ташқи ишлар вазирлиги буни провокация, деб атаган.
«Ҳокимият партиясида Москва доимо қандайдир жараёнларни бошлашга уринаётгани ҳақида жиддий хавотир мавжуд, — дейди арман сиёсатшуноси Тигран Григорян. — Бу хавотирлар қай даражада асосли ёки асоссиз эканини аниқ айтиш мушкул. Аммо улар бу хавфларни мунтазам равишда кўриб туришади».
Дунёвий ҳокимият руҳоний раҳбариятга қарши
Жиноят ишида асосий айбланувчи сифатида архиепископ Баграт кўрсатилаётган бўлса-да, Арманистон бош вазири Никол Пашинян бу суиқасд ортида Арманистон апостоллик черкови (ААЧ) раҳбари — Католикос Гарегин II ҳамда россиялик ва арманистонлик миллиардер Самвел Карапетян турганини даъво қилмоқда.
Руҳонийнинг ҳимоячилари бу айбловларни рад этмоқда — уларнинг таъкидлашича, Арманистонда шунчаки черков раҳбарини қўлга олиш ҳатто сталинча таъқиблар давридан бери кузатилмаган.
«Архиепископ Баграт мустақил равишда ҳаракат қилган ва тергов органлари эълон қилган материалларда ҳам черковнинг бу ишга алоқадорлиги кўрсатилмаган», — дея унинг адвокати сўзларини келтиради News.am нашри.
Пашинян ААЧ раҳбари билан очиқ низода. У католикосни руҳонийларга хос бўлган никоҳсиз ҳаёт ваъдасига хиёнат қилишда айбламоқда ҳамда уни истеъфога чиқишга чақирмоқда. Арманистонда черков давлатдан ажратилган, аммо маҳаллий сиёсатшунослар бу можарони сиёсий кураш деб баҳоламоқда — сўнгги йилларда черков мухолиф фикрларнинг таъсирли овозига айланди ва бу орада мамлакатда парламент сайловлари ҳам яқинлашмоқда.
Миллиардер Карапетян Арманистон сиёсий ҳаётида бевосита иштирок этмайди, бироқ ўтган ҳафта у ААЧни қўллаб-қувватлашини билдириб, зарурат туғилса, черковни «ўзича» ҳимоя қилишини айтди.
Айни шу куни у ҳокимиятни эгаллашга даъват этганлик айблови билан қўлга олинди — ҳукумат унинг сўзларини айнан шундай талқин қилган. Карапетяннинг ҳимоячилари барча айбловларни рад этмоқда.