Пенсия ёши оширилиши ҳақидаги хабарларга расмий раддия берилди

13:30 | 4 дақиқада ўқилади.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган пенсия ёши оширилиши ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Пенсия жамғармаси хабар беришича, ҳозирча бу масала бўйича ҳеч қандай қарор қабул қилинмаган.

Pensiya

Охирги кунларда ижтимоий тармоқларда Халқаро валюта жамғармаси ва бошқа халқаро ташкилотлар тавсиялари асосида Ўзбекистонда пенсия ёши оширилиши ҳақида турли хабарлар тарқалди. Ушбу масала жамоатчилик ўртасида кенг муҳокама қилинмоқда.

Пенсия жамғармаси бу хабарларга расмий муносабат билдириб, ҳозирда пенсия тизимини ислоҳ қилиш бўйича ҳеч қандай якуний қарор қабул қилинмаганини маълум қилди. Айни пайтда бу йўналишда ўрганиш, таҳлил ва таклифлар ишлаб чиқиш жараёни олиб борилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига кўра, пенсия таъминоти тизимидаги муаммоларни ўрганиш ва хорижий тажрибалар асосида барқарор пенсия тизимини яратиш учун Ишчи гуруҳ тузилган. Бу гуруҳ пенсия тизимини ислоҳ қилиш концепцияси бўйича таклифлар тайёрламоқда.

2024 йилда Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, ОТБ ва Халқаро меҳнат ташкилоти билан бир неча семинар ва учрашувлар ўтказилди. Халқаро маслаҳатчилар кенгаши ва соҳа экспертлари томонидан турли тавсиялар берилган.

Тавсиялар орасида пенсия ёшини ошириш, пенсия ҳисоблаш тартибини ўзгартириш, меҳнат мигрантлари учун икки томонлама келишувлар тузиш ва нодавлат пенсия жамғармаларини жорий қилиш каби таклифлар бор. Шунингдек, ижтимоий бадаллар ва солиқлар бўйича баъзи имтиёзларни қайта кўриб чиқиш масалалари ҳам муҳокама қилинган.

Пенсия жамғармаси ушбу тавсиялар ҳозирча фақат ўрганилаётганини ва уларнинг Ўзбекистон шароитига мослиги чуқур таҳлил қилинишаётганини таъкидлади. Энг муҳими, ҳозирда пенсия ёшини ошириш бўйича ҳеч қандай қарор қабул қилинмаган.

Жамғарма ҳар қандай янгиликлар жамоатчилик муҳокамасидан сўнг ва халқ манфаатлари инобатга олинган ҳолда босқичма-босқич амалга оширилишини маълум қилди.

Аввалроқ Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистон пенсия тизими барқарорлиги учун пенсия ёшини ошириш, имтиёзли тўловларни бекор қилиш ва стандарт бадал ставкаларини кўтаришни таклиф қилаётгани хабар қилинган эди.