Европа Иттифоқи «Лукойл»нинг хуфёна флотини жазолашга тайёрланмоқда

08.05.2025 10:44 | 2 дақиқада ўқилади.

Европа Иттифоқи тарихда илк бор «Лукойл»нинг Дубайдаги трейдер компаниясига нисбатан санкция қўллашни режалаштирмоқда. Сабаб — Россия нефтини ташиш учун яратилган хуфёна флотга алоқадорлик.

Лукойл

Bloomberg агентлиги хабарига кўра, Европа Иттифоқи янги санкциялар пакети доирасида Litasco Middle East DMCC — «Лукойл»нинг нефт савдоси билан шуғулланувчи Дубайдаги бўлимига қарши чоралар кўришни режалаштирмоқда. Бу компания илк бор Ғарб санкциялари рўйхатига киритилиши мумкин.

 

Айни пайтда, санкция рўйхатига 150 та танкер, 60 нафар жисмоний шахс ва қатор компаниялар қўшилиши кутилмоқда. Бу билан Россияга хизмат қилаётган «хуфёна флот» танкерлари сони 300 тадан ошиб кетади.

 

«Litasco» аввал Швейцарияда жойлашган бўлиб, Украинада уруш бошланганидан сўнг Дубайга кўчирилган. У ерда компания юзлаб танкерларнинг мулкдорлиги ва бошқарувини офшорлар орқали юритиш схемасини ишлаб чиққан. Financial Times таҳлилига кўра, 700 млн АҚШ доллари инвестицияга 25 та танкер харид қилинган, уларнинг 97 фоизи Россия нефтини, хусусан «Лукойл»нинг маҳсулотларини ташишда фойдаланилган.

 

Танкерлар ҳар бири алоҳида офшор компаниялар орқали расмийлаштирилган, уларни бошқарувини эса покистонлик тадбиркорга тегишли Дубай компаниялари амалга оширган. Мазкур шахс Британия судларида инвесторларни алдаганликда айбланмоқда.

 

Европа Иттифоқи ушбу схемаларни нефт санкцияларини четлаб ўтиш усули деб баҳолаб, молиявий ҳужумга ўтиши мумкин.