Tasnim ахборот агентлигининг хабар беришича, Эрон олий раҳбари Али Хоманаий Исроилга қарши олиб борилган ҳарбий жавоб ҳаракатларини муваффақиятли, деб баҳолади. Унинг сўзларига кўра, «сионистик режим» Ислом республикаси зарбалари остида деярли чўкаётган ҳолатга келган.
Хоманаий, шунингдек, АҚШ томонидан Эрон ҳудудига берилаётган зарбалар натижа бермаганини таъкидлади. Унга кўра, Вашингтон можарога аралашар экан, Исроил бутунлай йўқ бўлиши арафасида эканини англаб етган.
Хоманаий сўнгги бор 18 июн куни чиқиш қилган, ўшанда у АҚШ ҳарбий аралашувига жавобан «тузатиб бўлмас зарар» етказилишини айтганди. Унда у Эрон халқи таҳдидларга бош эгмаслигини ва тарихий жасорати билан танилганини алоҳида таъкидлаган.
Можаро 13 июн куни Исроил томонидан Эроннинг ядровий объектларига ҳужум қилинишидан бошланди. Унда бир неча юқори лавозимли ҳарбийлар йўқ қилинган. Бунга жавобан Эрон дрон ва ракеталар билан Тел Авивни нишонга олди. 22 июн куни АҚШ можарога қўшилиб, Фўрду, Натанз ва Исфаҳон ядровий марказларига зарба берди.
24 июн куни тонгда тарафлар ўт очишни тўхтатишга келишиб олди. Бироқ орадан икки соат ўтиб Исроил, Эрон томонидан янги ракеталар отилганини маълум қилди. Шундан сўнг Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Теҳрон яқинидаги радиолокация станциясига ҳужум қилди. АҚШ президенти Доналд Трамп ва Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг суҳбатидан сўнг, Исроил янги ҳужумлардан воз кечди.