Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистонга давлат банкларини хусусийлаштириш ва давлат молиявий ёрдамини шаффоф кредит платформалари, кафолатлар ва субсидиялар каби бозорга асосланган механизмларга ўтказиш бўйича мажбуриятларини янгилашни тавсия этмоқда. Бу хулосалар жамғарманинг Жаҳон банки билан ҳамкорликда Ўзбекистонда илк бор ўтказган Молиявий сектор баҳолаш дастури (FSAP) натижаларида қайд этилган.
Ушбу таҳлилларга кўра, капиталнинг етарлилиги, даромадлилик ва ликвидлик кўрсаткичлари ижобий бўлса-да, стресс-тестлаш, айниқса давлат банкларида кредит хавфига нисбатан заифликларга ишора қилмоқда. Ушбу банклар мураккаб вазиятларда сезиларли даражада қайта капиталлаштириш талаб этилиши мумкин.
ХВЖ томонидан имтиёзли кредитлашни босқичма-босқич бекор қилиш, давлат тижорат банкларини хусусийлаштиришни жадаллаштириш ҳамда молия секторининг барқарор ривожланишини қўллаб-қувватлаш учун ҳуқуқий ва меъёрий асосларни такомиллаштиришни тавсия этилди. Шунингдек, унга кўра, молиявий барқарорлик кенгашини ташкил этиш, ҳамда фавқулодда ликвидлик ёрдамини такомиллаштириш ишончли молиявий хавфсизлик тармоғини яратишда муҳим аҳамиятга эга.
Таъкидланишича, Ўзбекистон капитал бозорлари ва нобанк кредит ташкилотларини янада ривожлантириш жуда муҳим. Хусусий кредит ташкилотларининг ролини кучайтириш, назорат салоҳиятини ошириш ва бозорга асосланган воситалар орқали молиявий маблағлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш инклюзив молиявий ўсишнинг асосий омиллари ҳисобланади.
ХВЖ томонидан давлат банкларини хусусийлаштириш ва давлат молиявий ёрдамини шаффоф кредит платформалари, кафолатлар ва субсидиялар каби бозорга асосланган механизмларга ўтказиш бўйича мажбуриятларини янгилашни тавсия этилмоқда. Кичик ва ўрта бизнес субъектлари кўпинча юқори фоизли кредитлар ёки субсидияланган дастурларга таянишга мажбур.
ХВЖ молиявий бозордаги бузилишларни камайтириш, молиявий оммабопликни ошириш ва барқарор кредит олиш имкониятини таъминлаш учун бозор механизмларига асосланган воситалар — масалан, қисман кредит кафолатлари ва рақобатбардош кредит линияларига ўтишни тавсия этади. Тез суръатда ривожланаётган микромолия ташкилотлари ҳамда янги ташкил этилган микромолия банклари устидан назорат кучайтирилиши зарур, бу эса тартибга солишдаги бўшлиқлар ва нохолис рақобатни олдини олишга хизмат қилади.