Қозоғистонда бурқа кийиш тақиқланмоқда

23:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Қозоғистон парламентининг қуйи палатаси — Мажлис жамоат жойларида юзни тўлиқ ёпувчи кийимларни тақишни тақиқловчи қонун лойиҳасини маъқуллади. Бу ўзгартишлар жиноятларни олдини олиш ва шахсларни аниқлаш имкониятларини яхшилаш мақсадини кўзлаган.

Burqa

Қозоғистон парламентининг қуйи палатаси — Мажилис, 2025 йил 25 июн куни жамоат жойларида юзни тўлиқ ёпувчи кийимларни тақишни тақиқловчи қонун лойиҳасини маъқуллади. Қонун лойиҳаси президент имзосига юборилган. Бу ҳақда «Zakon.kz» нашри хабар берди.

«Қозоғистон парламентининг қуйи палатаси — Мажлис жамоат жойларида юзни тўлиқ ёпувчи кийимларни тақишни тақиқловчи қонун лойиҳасини маъқуллади. Қонун лойиҳаси имзолаш учун президентга юборилди», — дея хабар бермоқда «Zakon» нашри.

Сенатор Науризбай Байқадамовнинг таъкидлашича, мазкур чеклов тиббий эҳтиёжлар, об-ҳаво шароити ёки иш жараёнида талаб этиладиган ҳолатлардан мустасно. Унинг айтишича, юзни кўришга тўсқинлик қилувчи кийимларни тақишни чеклаш жамоат жойларида жиноятларни олдини олишга хизмат қилади.

Маълумот учун, бу каби чекловлар Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида ҳам амалга киритилган. Қирғизистонда 2025 йил январда шундай қонун қабул қилинган бўлиб, у “шаҳсни аниқлаш имконини бермайдиган” кийимларни тақиқлайди. Тожикистонда 2024 йил июнда миллий «маданиятга хилоф» деб ҳисобланган кийимларни сотиш ва кийиш тақиқланган. Ўзбекистон эса бундай тақиқни 2023 йилдаёқ жорий этган эди.