Тошкент босқинининг 160 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институтида «Тошкент босқинининг 160 йиллиги: ҳақиқат ва уйдирмалар» мавзусида илмий йиғин ўтказилди. Йиғинда бу тарихий воқеа ҳақидаги қарама-қарши қарашлар, илм-фанга маълум бўлган янги манбалар ва сўнгги тадқиқотлар таҳлил қилинди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Олимларнинг таъкидлашича, 1865 йил июн ойида Тошкентда Россия империяси ҳарбий кучларига қарши халқ жон олиб, жон берган. Бобо-момоларимизнинг бу кураши мустамлакачи давлатга қарши шижоатли ва жасур қаршилик бўлган. Туркистоннинг энг катта ҳарбий-сиёсий ва иқтисодий маркази бўлган Тошкентни Россия империяси 1864 йил 1 октябрдан ҳужум қилиб, 1865 йил 29 июнгача бўлган даврда эгаллаган.
Илмий анжуманда қайд этилдики, мустамлака даврида бу воқеалар асосан босқинчилар манфаати нуқтаи назаридан ёритилган. Қонли муҳораба жараёнида тошкентликларнинг юртсеварлиги, халқ қаршилиги ёритилмаган, аксинча, турли ясама назариялар орқали Россия сиёсатини оқлашга уринилган.
Истиқлол йилларида ҳам бу муҳим масала тўлиқ ва холис илмий баҳо олмагани таъкидланди. Шунинг учун бугунги кунда бу мавзу бўйича янги манбалар асосида чуқур тадқиқотлар олиб бориш зарурлиги билдирилди.
Йиғинда институт директори, академик Азамат Зиё бу масала фақат тарихий эмас, балки сиёсий аҳамиятга эга эканини таъкидлади. У Россия империясининг Туркистонга тажовузини оқлаш учун ҳозирги вақтда ҳам турли «илмий» найранглар сингдириб келинаётганини очиб бериш муҳимлигини айтиб ўтди.
Профессор Муҳайё Исоқова Тошкент босқини тарихини холис ва янгича ёндашув билан ўрганиш зарурлигини таъкидлади. Профессор Шодмон Воҳидов «Тарихи жадидайи Тошканд» асарида ушбу воқеа қандай ёритилгани ҳақида маъруза қилди. Тарих фанлари номзоди Анора Тоғаева Тошкент босқинининг иқтисодий ва ижтимоий оқибатларига тўхталди. Тарих фанлари номзоди Шерзодхон Маҳмудов Туркистонда «инглиз босқини» ҳақидаги уйдирмаларни таҳлил қилди.
Йиғин давомида тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Воҳид Холов Тошкент босқинининг хориж матбуотида қандай ёритилгани ҳақида маълумот берди. Низомиддин Гулбоев босқинда қўлланган қуроллар ҳақида маъруза қилди. Соҳиба Маҳмудова эса Тошкент босқинида хотин-қизлар ҳам фаол қатнашганини маълум қилди.
Илмий йиғинга кўра, бу тадқиқотлар халқ ва ёш авлодни тарихий ҳақиқатларга асосланган билимлар билан қуроллантириш, Ватанга садоқат ва тинчликни асраш борасида муҳим аҳамият касб этади.