Эрон урани АҚШ зарбаларидан сўнг ҳам омонлигича қолмоқда

09:20 | 3 дақиқада ўқилади.

АҚШ ва Исроилнинг ядровий объектларга ҳаво зарбасидан сўнг ҳам Эроннинг 408 килограммлик юқори даражада бойитилган урани асосан омон қолгани маълум қилинди. Бу ҳолат Вашингтоннинг ядровий дастурни йўқ қилингани ҳақидаги даъволарини шубҳа остига қўйди.

Fordow maxarFoto: Maxar

Financial Times нашрининг ёзишича, Европа ҳукуматларига тақдим этилган разведка маълумотларига кўра, Эрондаги ядровий объектларга қилинган сўнгги ҳаво зарбасидан кейин ҳам мамлакатнинг бойитилган уран захиралари омонлигича қолган. Гап тахминан 408 килограммга яқин, қарийб ҳарбий даражада бойитилган уран ҳақида бормоқда.

Маълум қилинишича, ушбу захиралар ҳужум пайтида Фўрду шаҳри яқинида жойлашган асосий объектда эмас, балки бошқа турли нуқталарга тарқатилган ҳолда сақланган. Шу боис бомбардимон ядровий дастурнинг тўлиқ йўқ қилинишига олиб келмаган.

Европа разведка органлари ҳали ҳам Фўрду иншоотига етказилган зарар ҳақида тўлиқ ҳисоботни кутмоқда. Аввалги маълумотларга кўра, зарар сезиларли бўлган, лекин тўлиқ вайрон бўлмаган. Фўрду — Қум шаҳри яқинидаги тоғ остида жойлашган стратегик ядровий марказ ҳисобланади.

Шу билан бирга, Эрон расмийлари АҚШ зарбасидан аввал уран захиралари бошқа жойларга кўчирилгани ҳақида ишора қилмоқда. Доналд Трамп эса расмий разведка баёнотларини инкор этиб, Эроннинг ядровий дастури «йўқ қилингани»ни қайд этишда давом этяпти.

Исроил ядровий комиссияси маълум қилишича, АҚШ ва Исроилнинг зарбалари Эроннинг ядровий қурол яратишдаги ривожини «бир неча йилга ортга сурди». Аммо, мутахассислар Эронда уран захиралари сақланган ва замонавий центрифугалар яширин жойларда сақланаётган бўлса, ядровий қурол учун зарур бўлган материал ишлаб чиқариш имконияти сақланиши мумкинлигини таъкидламоқда.