Марказий Осиё пойтахтлари — Астана, Тошкент ва Бишкекда ичимлик суви билан боғлиқ муаммолар йиллар давомида ҳал этилмай келмоқда. Ulysmedia.kz хабар беришича, экспертлар ушбу шаҳарлардаги сув таъминоти тизимини ўрганиб, унинг сифати талаб даражасида эмаслигини маълум қилишди.
Қозоғистонда шаҳар аҳолисининг 95 фоизи марказлашган сув тармоғига уланган бўлса-да, манбаларнинг фақат 70 фоизи санитария талабларига жавоб беради. Остонада сувнинг 60 фоизи Ишим дарёсидан, 40 фоизи эса ер ости манбаларидан олинади. Ер ости сувлари нисбатан тоза ҳисобланса-да, 2023 йилда Ишим дарёсидан олинаётган сувда аммиак ва нитрат миқдори меъёрдан ошиб кетгани қайд этилган.
Сув сифатининг ёмонлашишига асосий сабаблар қишлоқ хўжалиги, саноат ва эски сув тармоқларидир. ФАО маълумотларига кўра, ҳар йили минтақада 2 млн тонна азотли ўғитлар ишлатилади ва унинг 30 фоизи сув ҳавзасига тушади. Бундан ташқари, Қозоғистон ва Ўзбекистондаги металлургия ҳамда кимё корхоналари йилига 500 минг тоннадан ортиқ оқова сув чиқаради, уларнинг 20 фоизи етарли даражада тозаланмайди.
Қолаверса, пойтахтлардаги сув тармоқларининг тахминан 60 фоизи 40 йилдан ортиқ фаолият юритмоқда. Бишкекда эса қувурларнинг ярмидан кўп қисми саломатлик учун хавфли бўлган асбестоцементдан ясалган.
Экспертлар кран сувини филтрсиз ёки қайнатмасдан ичишни тавсия этмайди. Сувдан фойдаланишда филтрлар, айниқса, тескари осмос тизимидан ёки шиша идишда қадоқланган сувдан фойдаланиш тавсия қилинмоқда. Шу билан бирга, мутахассислар ҳукуматлардан сув тизимларини янгилаш ва сув сифатини қатъий назорат қилиш чораларини шошилинч равишда кўришни талаб қилишмоқда.