Ўзбекистонда алимент тўловининг энг кам миқдори қайта кўриб чиқилиши мумкин

10:40 | 4 дақиқада ўқилади.

Олий Мажлис Сенатида алимент тўловлари ҳажмини қайта кўриб чиқиш масаласи муҳокама қилинди. Мутахассислар алимент миқдори минимал истеъмол харажатларидан икки баробар кам эканини танқид қилди. Парламент Вазирлар Маҳкамасига сўров йўллади.

Aliment

2025 йил 26 июнь куни бўлиб ўтган Сенат ялпи мажлисида вояга етмаган болалар учун алимент тўлаш тизимини такомиллаштириш масаласи муҳокама қилинди. Мажлисда Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровини юбориш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Муҳокама давомида алиментнинг энг кам миқдори амалдаги минимал истеъмол харажатларидан икки баробар кам экани таъкидланди. Ҳозирда Оила кодексининг 99-моддасига мувофиқ, бир бола учун алимент миқдори иш ҳақининг энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги керак. Бугунги кунда бу 306 минг сўмни ташкил этмоқда, бироқ 2025 йил январидан минимал истеъмол харажатлари 669 минг сўм этиб белгиланган.

Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Орзигул Мўйдинова алимент миқдорини бола ёшини ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқиш зарурлигини билдирди.

Бундан ташқари, иш жойи йўқ ва даромади расмий аниқланмаган шахслардан алимент ундириш бўйича муаммолар мавжудлиги қайд этилди. Шунингдек, Болаларга алимент ундириш ва оилани таъминлашнинг халқаро тартиби тўғрисидаги Гаага Конвенциясига қўшилиш, «Алимент тўловлари» жамғармаси манбаларини кенгайтириш ва алимент бўйича маълумотларни ягона ахборот тизимига улаш вазифалари кечикётгани танқид қилинди.

Статистикага кўра, 2023 йилда 5 697 киши, 2024 йилда эса 8 833 киши алимент тўлашдан бўйин товлагани учун маъмурий жавобгарликка тортилган. 2024 йилда судлар томонидан 1 109 та айблов ҳукми чиқарилган.

Мутахассислар алимент тўловларини болалар номига очилган банк ҳисобварағида тўплаш тартибини юридик жиҳатдан мустаҳкамлашни ҳам таклиф қилдилар. Бугунги кунда ушбу маблағлар тегишли ҳисобварағларга ўтказилмаяпти.

Парламент сўровида алимент тизимини ислоҳ қилиш бўйича тегишли чоралар кўриш Вазирлар Маҳкамасидан сўралди.