Uzcosmos: Июн ойида 10 та вилоятда 5350 гектар ер ёқиб юборилди

11:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Космик мониторинг натижаларига кўра, сомон қолдиқларини ёқиш ҳолатлари кўпаймоқда.

Yoqib yuborilgan yer

«Uzcosmos» агентлиги маълум қилишича, жорий йил июнь ойида республиканинг 10 та вилоятида 639 та ҳолатда 5350 гектар майдонда ерлар ноқонуний равишда ёқиб юборилган. Бу ҳолатлар асосан ғалладан бўшаган майдонларни арзон ва тез тозалаш мақсадида амалга оширилган.

Космик таҳлиллар натижасида энг кўп ёнғинлар Андижон (2345,7 га) ва Сурхондарё (1823 га) вилоятларида қайд этилган. Бошқа вилоятларда ҳам шундай ҳолатлар аниқланган: Тошкент (413,5 га), Сирдарё (341,9 га), Бухоро (96,3 га), Хоразм (99,5 га), Жиззах (74,9 га), Фарғона (66,2 га), Қорақалпоғистон (52 га) ва Наманган (36,7 га).

Агентлик бу ҳаракатлар Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 88-моддаси 3-қисмига асосан 10 баробаргача жарима билан жазоланиши мумкинлигини эслатди. Зарар катта бўлса, жиноий жавобгарлик масаласи ҳам кўриб чиқилади.

Маълумотларга кўра, бундай ёнғинлар табиатга катта зарар етказади ва экологик мувозанатни бузади. Шу боис, тезкор ахборотлар Бош прокуратура, Экология ва иқлим ўзгариши вазирлиги каби мутасадди органларга юборилган.

Uzcosmos ҳар куни сунъий йўлдошлар орқали ёнғин ҳолатларини мониторинг қилиб бораётганини билдирган.