Ўзбекистонда балиқчилик хўжаликларида сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ҳисоботлари автоматик тарзда шакллантирилади. Бу тегишли қонун ҳужжатларига киритилган янги ўзгартишлар орқали амалга оширилади.
26 июн куни қабул қилинган ЎРҚ–1071-сонли қонунга асосан, «Suv hisobi» ахборот тизими ва соҳадаги ваколатли органлар маълумотлари асосида ҳисоботлар автоматлаштирилади. Бу эса, балиқчилик билан шуғулланувчи тадбиркорларга солиқ юкини енгиллаштириш ҳамда ҳисобот юритишда шаффофликни таъминлайди.
Қонунга кўра, солиқ муносабатларида фойдаланиладиган электрон ҳужжатлар фуқароларнинг розилигини ва шахсини тасдиқловчи электрон тасдиқлаш усуллари орқали расман тан олинади. Бу механизм электрон рақамли имзога тенглаштирилди.
Шу билан бирга, ортиқча ундирилган солиқларни бошқа турдаги солиқлар ҳисобидан қайта ҳисобга олиш тартиби ҳам соддалаштирилди. Янги тартибга мувофиқ, тадбиркор ёзма ёки электрон ариза билан мурожаат қилса, 3 иш куни ичида тегишли солиқ органи томонидан ҳисоб-китоб амалга оширилади.
Бу ўзгаришлар агросоҳада рақамли бошқарувни жорий этиш ва ресурслардан оқилона фойдаланишни рағбатлантиришга хизмат қилади.