2025 йил 26 июн куни Россия ва Украина ўртасида навбатдаги ҳарбий асирлар алмашуви амалга оширилди. Бу жараён Истанбул келишуви доирасида сўнгги музокараларда келишиб олинган қарорлар асосида ўтказилмоқда. Россия Мудофаа вазирлиги ва Киев ҳукумати алмашув ҳақида расман маълум қилди.
Маълумотларга кўра, бу галги алмашувда асосан ярадорлар, соғлиғида жиддий муаммолари бўлган шахслар ҳамда 25 ёшдан кичик бўлган ҳарбийлар иштирок этди. «Euronews» нашрининг ёзишича, украин томонига қайтарилган ҳарбий хизматчиларнинг аксарияти Россия ҳибсхоналарида уч йилдан ортиқ вақт сақланган.
Айниқса, қайтарилганларнинг кўпчилиги 2022 йилдаги Мариупол мудофааси пайти асирга тушган шахслар экани қайд этилган. Улар асирликда жуда оғир шароитларда сақлангани ва айримларининг соғлиғи жиддий равишда ёмонлашгани таъкидланмоқда.
Томонлар ҳарбий асирларни алмашиш жараёнини давом эттириш ниятида эканини билдирган. Россия ва Украина ўртасидаги бу каби алмашувлар икки йилдан буён вақт-вақти билан амалга ошириб келинмоқда.
Бу музокаралар жараёнида халқаро воситачилар, жумладан, Туркия ва БМТ вакиллари иштирок этаётгани хабар қилинган.