Россияда ходимлар оммавий равишда мукофотлардан маҳрум қилмоқда

14:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Россияда иқтисодий секинлашув ва молиявий аҳвол ёмонлашиши ортидан компаниялар ходимларига премия ва бонусларни тўлашдан бош тортмоқда.

премия

«Известия» нашрининг хабар беришича, hh.ru ва НПФ «Эволюция» ўтказган сўров натижаларига кўра, ҳар учинчи ходим сўнгги бир йилда қўшимча тўловлар қисқартирилганини ёки умуман тўхтатилганини айтган.

Сўровда қатнашган мутахассисларнинг 20 фоизи мукофот миқдори камайганини, 9 фоизи эса тўловлар бутунлай тўхтаганини қайд этган. Ҳар тўртинчи респондент бонус иш ҳақининг 10–30 фоизини ташкил этганини айтса, 15 фоиз ишчи бонус миқдорини иш ҳақининг 10 фоизига тенг деб кўрсатган. Худи шунча ходим мукофотлари 30–50 фоизни ташкил этганини маълум қилган.

Мукофотлар асосан менежерлар, IT-мутахассислар, риэлторлар, савдо, молия ва қурилиш соҳаси ходимларига қисқартирилган ёки бекор қилинган. Свердловск, Новосибирск, Самара, Ростов областлари ва Татаристонда мукофотдан маҳрум бўлганлар сони энг юқори бўлиб, бу кўрсаткич айрим минтақаларда 42 фоизга етган.

Freedom Finance Global мутахассиси Владимир Черновнинг таъкидлашича, бонус ва мукофотлар компаниялар учун харажатни расмий маошни пасайтирмасдан ёки ишчи сонини камайтирмасдан тежаш имконини беради. КРОС компанияси кадрлар бўйича директори Дмитрий Дударев эса компаниялар молиявий рағбатлантириш имкониятлари тугаб, иш жараёнларини оптималлаштириш ва меҳнат унумдорлигини оширишга йўналмоқда, дея қайд этган.

SuperJob маълумотларига кўра, иш берувчилар ҳозирда ходимларни ушлаб қолиш учун байрамда совғалар, фоизсиз қарзлар, психолог, юрист ва молиячи маслаҳатларини таклиф қилмоқда. Шунингдек, компаниялар ДМС, иш жойига трансфер ва номоддий рағбатлантириш — мақтов ёрлиқлари ва корпоратив янгиликларда эътироф этиш каби чораларни кўраётир.