Кошта сўзларига кўра, 18-пакет бўйича музокаралар ҳали давом этади. Словакия бу пакетни тасдиқлашни рад этгани сабабли масала яқин вақтда яна муҳокама қилинади. Бундан ташқари, Венгрия Ташқи ишлар вазири Петер Сийярто ҳам янги санкцияларга қарши чиққанини билдириб, чекловлар Европа мамлакатларида коммунал тўловларни оширишини таъкидлаган.
18-санкция пакетида Россия нефти нархини 60 доллардан 45 долларга тушириш, «Шимолий оқим» ва «Шимолий оқим-2» газ қувурларига қўшимча чекловлар, шунингдек, санкцияларни четлаб ўтаётган банкларга операцияларни тақиқлаш каби чоралар назарда тутилган эди.
Шунингдек, Кошта Европа Иттифоқининг мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш бўйича режаларини эълон қилди. У Европанинг ортиқча мудофаа харажатларини камайтириш ва сармояларни бирлаштириш орқали самарали жамоавий мудофаа тизимини яратиш муҳимлигини таъкидлади.
Европа Иттифоқи Украина хавфсизлигини ўз хавфсизлиги билан боғлаган ҳолда, Украинадаги ислоҳотлар тез суръатда олиб борилаётганини қайд этди. Европа Россияга қарши 17-санкция пакетини қабул қилган ва яқинда яна қўшимча босим чораларини кўришга тайёрланмоқда.
Шунингдек, Яқин Шарқда Исроил ва Эрон ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш келишуви Европа Иттифоқи диққат марказида бўлиб, Эронга ядровий қурол ишлаб чиқиш имкониятини бермаслик учун дипломатик ҳаракатлар кучайтирилади.
Европа Иттифоқи глобал савдони ривожлантириш, Япония, Хитой, Молдова ва Лотин Америкаси давлатлари билан ҳамкорликни кенгайтириш орқали халқаро иқтисодий нуфузини мустаҳкамлашни мақсад қилмоқда.