Ер ўз ўқи атрофида одатда 24 соатда айланади, бу 86 400 сонияни ташкил этади. Аммо мутахассислар бу вақт ҳамиша ўзгариб турадиган кўрсаткич эканини таъкидлашади. Айниқса, 2020 йилдан бошлаб Ер айланишида тезлашув кузатилмоқда.
Олимлар 2025 йилнинг 5, 9 ва 22 июль ҳамда 5 август кунларидан бири тарихдаги энг қисқа кун сифатида қайд этилиши мумкинлигини тахмин қилишмоқда. Бу борада Ойнинг Ерга нисбатан жойлашуви ҳал қилувчи омил ҳисобланади.
Ернинг кун узунлиги “LOD” (Length of Day) деб аталувчи кўрсаткич орқали ўлчанади. Бу маълумотлар атом соатлари орқали юқори аниқликда қайд этилади. Айрим ҳолларда бу ўзгаришлар бир неча миллисония миқдорида бўлади.
Сўнгги ўн йилликларда Ер айланиши секинлашиши қайд этилаётган эди. Бу Ойнинг тортиш кучи, музликлар таъсири ва сув оқимлари билан боғлиқ ҳолат эди. Аммо ҳозирги пайтдаги тезлашув олимларнинг саволларини кўпайтирмоқда. Айрим таҳминларга кўра, зилзилалар, океан оқимлари ва Ер ядросидаги ҳаракатлар бунга сабаб бўлиши мумкин.
Шу сабаб, мутахассислар «сакраш сонияси»ни олиб ташлаш — яъни соатдан бир сонияни камайтириш ҳақида ўйлашмоқда. Бу вақт тизимларида техник ўзгаришларга олиб келиши мумкин.
Ер айланишидаги бундай ўзгаришлар астрономия, навигация ва глобал вақт тизимларига салмоқли таъсир кўрсатади. Шу боис 2025 йилнинг энг қисқа кунининг аниқ қайси санада бўлиши олимлар томонидан диққат билан кузатилмоқда.