30 июндан бошлаб Полшада тўлиқ иш ҳақи сақланган ҳолда қисқартирилган иш ҳафтаси синови бошланади. Бу ҳақда UNN нашри хабар берди. Янгиликка кўра, ишчиларга тўрт кунлик иш ҳафтаси, кунига олти соатлик иш вақти ёки қўшимча тўланадиган таътил кунларини танлаш имконияти берилмоқда.
Ташкилотлар ўзларига мос иш режасини мустақил белгилаши мумкин. Масалан, компаниялар беш кунлик иш ҳафтасини сақлаб қолиб, айрим кунларни қўшимча дам олиш куни сифатида белгилалаши мумкин. Бундай дам олиш кунлари сонини иш берувчи белгилайди.
Янги тизимга мослашиш учун корхоналар ва давлат муассасаларига ташкилотчилик ўзгаришлари учун 1 миллион злотийгача молиявий ёрдам ажратилади.
Полша ҳукумати ушбу ислоҳотни демографик инқирозга қарши курашнинг бир қисми сифатида кўрмоқда. Мамлакатда иш фаолияти юқори бўлгани сабабли, иш ва оилавий ҳаёт мувозанати бузилмоқда. Янги иш тизими орқали ишчиларга оилавий муносабатларга кўпроқ вақт ажратиш имконияти яратилиши кутилмоқда.
Тўрт кунлик иш ҳафтаси халқаро миқёсда ҳам кенг жорий қилинмоқда. Японияда, Исландияда, Германия ва Буюк Британияда шундай синовлар муваффақиятли ўтказилган. Британияда ўтган йилда 56 та компания ва минглаб ходимлар тўрт кунлик иш ҳафтасига ўтган.