Давлат раҳбари Беларус президенти Александр Лукашенкога анъанавий самимий қабул ва саммитни юқори даражада ташкил этгани учун миннатдорлик билдирди. Мирзиёев Беларус раислиги даврида ЕОИИ доирасида амалий ҳамкорлик фаоллашганини алоҳида таъкидлади.
Мирзиёевнинг айтишича, глобал иқтисодиётдаги протекционизм ва санкциялар сиёсати, савдо-логистика занжирларининг бузилиши ва инвестиция фаоллигининг пасайиши Ўзбекистонга ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Шу боис, ЕОИИ мамлакатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ташқи иқтисодий сиёсатнинг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда.
Президент Ўзбекистоннинг кузатувчи давлат мақоми даврида ЕОИИ мамлакатлари билан ташқи савдо ҳажми 80 фоизга ўсганини ва 2024 йилда 18 млрд долларга етганини маълум қилди. Қўшма корхоналар сони уч баробар ошган, саноат маҳсулотлари савдоси кенгайган.
Мирзиёев 40 та чора-тадбирни қамраб олган уч йиллик ҳамкорлик режаси ишга туширилганини, Ўзбекистон «Евроосиё агро экспресс», электрон савдо, рақамлаштириш ва иқлим масалалари бўйича фаол иштирок этаётганини маълум қилди.
Шунингдек, Евроосиё тараққиёт банки билан инфратузилма, металлургия, тўқимачилик ва кимё соҳаларида истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилаётганини билдирди.
Президент савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш, рақамли транспорт йўлаклари ва техник тартибга солиш тизимларига қўшилишни таклиф этди. Шу билан бирга, рақамлаштириш, сунъий интеллект ва электрон савдо соҳасида ҳамкорликни кучайтиришни муҳим деб ҳисоблашини билдирди.
Мирзиёев кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, агрокооперация, меҳнат бозорида стандартларни яқинлаштириш, «Чегара билмайдиган иш» платформасида иштирок этишга тайёр эканини таъкидлади.
Президент сўзининг якунида Ўзбекистон амалий ҳамкорликни кенгайтиришга содиқ эканини яна бир бор тасдиқлаб, мазкур ҳамкорлик мамлакатлар ривожи учун муҳим эканини қайд этди.