Исроил «Ҳизбуллоҳ»нинг ер ости иншоотига зарба берди

19:00 | 2 дақиқада ўқилади.

27 июн куни Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Ливаннинг жанубида жойлашган ва «Ҳизбуллоҳ» томонидан фаолият юритилган ер ости иншоотига ҳаводан зарба берди. Исроил армияси буни муҳим ҳарбий инфратузилма деб атади.

Hezbollah

Исроил армияси хабарига кўра, ҳаво ҳужуми Ливаннинг Бофорт тоғ тизмаларида жойлашган иншоотга йўналтирилган. Бу объект «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати томонидан ўт очиш ва мудофаа бошқаруви мақсадида фойдаланилган.

Баёнотда айтилишича, ушбу иншоот «Ҳизбуллоҳ»нинг муҳим ер ости лойиҳасининг бир қисми бўлиб, армия томонидан амалга оширилган ҳужумлар натижасида фаолиятдан чиқарилган.

Исроил томонининг таъкидлашича, сўнгги ойларда «Ҳизбуллоҳ» ушбу иншоотни тиклашга ҳаракат қилган ва бу уринишлар қўшни давлатлар ўртасидаги келишувларга зид ҳолда амалга оширилган.

Исроил армияси бу объектнинг мавжудлиги ва ундаги ҳаракатларни мамлакат хавфсизлигига таҳдид деб баҳолаб, «Ҳизбуллоҳ»нинг ушбу ҳудуддаги фаолиятига қарши курашни давом эттиришини билдирган.

Таъкидлаш жоизки, 2024 йил апрель ойида ҳам Исроил “Ҳизбуллоҳ” томонидан ракета омборхонаси сифатида фойдаланилган бинога ҳаво зарбаси берган эди.

Исроил ва Ливан ўртасидаги муносабатлар ҳозирда янада кескинлашмоқда. Бу каби зарбалар эса минтақадаги тортишувларни янада чуқурлаштириши мумкин.