Бозордаги фючерс нархлари бир ҳафтада деярли 20 фоизга арзонлади. Жумладан, Dutch TTF фьючерси жума куни яна 3,2 фоизга тушиб, ҳафтани 32,93 евро (1000 метр куб учун 407 доллар) билан якунлади. Бу кўрсаткич бир ҳафта аввалги 40,93 евро/MWh сонидан анча паст.
Газ нархи тушиши сешанба куни нефть нархлари пасайиши ва Исроил билан Эрон ўртасида оловни тўхтатиш ҳақидаги баёнотдан сўнг бошланди. Ҳўрмуз бўғозидан жаҳон суюлтирилган газ транзитининг 20 фоизи ўтади ва унинг ёпилиш хавфи йўқолиши бозорни тинчлантирди.
Европа газ импортининг 10 фоизга яқини Қатардан, қолгани БААдан келади. Бўғоз ёпилса, бу етказиб беришда катта узилишларга олиб келиши мумкин эди. Энергетика иқтисодиёти институти таъкидлашича, глобал транзит йўлларидаги ҳар қандай муаммо харажатларни оширади ва етказиб бериш муддатини чўзади.
Шу билан бирга, Хитойда талаб пастлиги ҳам Европа бозорида нархлар тушишига ёрдам бермоқда. Хитой иқтисодиёти секинлашиб, қайта тикланувчи энергия манбаларига ўтишни жадаллаштирмоқда. Хитой компаниялари АҚШдан СТГ харидини тўхтатган ва узоқ муддатли шартномалар бўйича Европа бозорига газ йўналтирмоқда.
Европа Иттифоқи газ омборлари ҳозирда 57,6 фоизга тўлдирилган — бу сўнгги беш йилдаги ўртача кўрсаткичдан паст. Бироқ Bloomberg ёзганидек, Европа бозорида одатдагидан кўпроқ СТГ келмоқда ва декабр фючерси 35,84 евро/MWh атрофида шаклланди.