Озарбойжон Россиядаги оммавий ҳибслар сабабли Москвага қатъий норозилик билдирди

20:30 | 2 дақиқада ўқилади.

Озарбойжон Ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг Екатеринбург шаҳрида озарбойжонликларга нисбатан ўтказилган рейдлар сабабли Россия элчихонаси ишлари вақтинчалик вакили Пётр Волоковни чақириб, Москвага қаттиқ норозилик билдирди.

Azerbaijan

Озарбойжон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, 27 июн куни Россия полицияси ўтказган рейдлар пайтида икки озарбойжонлик куч ишлатилиб ўлдирилган, бир неча киши оғир тан жароҳати олган ва тўққиз нафар фуқаро қўлга олинган. Озарбойжон Россиядан ушбу воқеалар юзасидан тезкор тергов ўтказиш ва айбдорларни жавобгарликка тортишни талаб қилди.

Свердловск области Бош тергов бошқармаси ва ИИВ маълумотларига кўра, рейдлар «ўтган йиллардаги жиноят ишлари бўйича тергов доирасида» амалга оширилган ва гумонланувчилар яшаш жойларида тинтув ўтказилган.

Е1 нашри ёзишича, жума куни Екатеринбургда тахминан 50 нафар озарбойжонлик қўлга олинган. Улардан бири полиция ҳужуми пайтида юрагида қаттиқ оғриқ сезиб, ўша ерда вафот этган. Унинг таниши журналистларга марҳум ёши катта киши бўлганини ва унинг ҳаётини сақлаб қолиш имкони бўлмаганини айтган.