Шерзод Қудбиев тадбиркорлардан аванс тўлов талаб қилишини танқид қилди

09:00 | 4 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев 27 июн куни Савдо-саноат палатаси ташкил этган очиқ мулоқотда айрим солиқ органлари ходимлари тадбиркорлардан солиқларни аванс тартибида тўлашни талаб қилаётганини маълум қилди.

қудбиев

У бу ҳолатни нотўғри ва ноқонуний амалиёт сифатида баҳолаб, бу масалада тадбиркорларга босим ўтказмаслик лозимлигини алоҳида таъкидлади. Қудбиевга кўра, давлат солиқ тизимида солиқ тушумлари ўсиши ортида тадбиркорларга босим қилиш эмас, самарали иш юритиш туриши керак.

Шерзод Қудбиев солиқ тушумлари жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан камида 25 фоизга ўсиши кутилганини билдирди. Бироқ, унинг айтишича, бу ўсиш кўрсаткичи ҳар қандай ҳолатда тадбиркорлар ҳуқуқларини бузиш ҳисобига таъминланмаслиги зарур.

«Агарда ўсиш 24 фоиз бўлса ҳам майли, энг муҳими — бу босимсиз амалга ошсин», — деди Қудбиев.

Айни пайтда Қудбиев айрим ҳудудий солиқ органларида тадбиркорлардан кейинги ой ҳисобига 5, 10 ёки 20 миллион сўмлик аванс тўлов талаб қилиш ҳолатлари учраётганини тан олди. У бу амалиёт профессионалликдан йироқ ва қонунга зид эканини таъкидлаб ўтди. Давлат солиқ қўмитаси раҳбарининг фикрича, бундай ҳолатлар тизимдаги камчиликлардан далолат беради ва улар босқичма-босқич бартараф этилади.

Шерзод Қудбиевнинг таъкидлашича, кичик бизнесдан 10 миллиард сўм солиқ тўплаш учун минглаб тадбиркорлардан тўлов ундирилиши лозим бўлади. Шу сабабли солиқ органлари тадбиркорларга нисбатан адолатли ва қонуний йўл тутиши шарт. У тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва солиқ юкини енгиллаштириш борасида қўмитанинг режалари борлигини қайд этди.

Давлат солиқ қўмитаси раҳбари бу каби амалиётлар ҳеч қандай юқоридан берилган кўрсатма эмаслигини ва фақат айрим ходимлар ташаббуси сифатида намоён бўлаётганини таъкидлади. У тадбиркорларга нисбатан адолатли муносабатни таъминлаш давлат сиёсатида устувор вазифа бўлиб қолишини билдирди.