Пенсия ва Ғазначилик ходимлари сони 4 баравар қисқартирилади

13:00 | 4 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда пенсия таъминоти ва ғазначилик тизими тубдан рақамлаштирилади. Президентнинг 2025 йил 26 июндаги ПФ-105-сон Фармонига кўра, 2026 йилдан бошлаб бу соҳаларда фаолият юритувчи ходимлар сони сезиларли қисқартирилади.

пенсия тизими

Фармонга асосан, 2026 йил 1 декабрдан пенсия таъминоти тўлиқ янгиланган тартибда амалга оширилади. Янги тизимда фуқаролар иш стажи ва маошлари асосида пенсия миқдорини олдиндан аниқлай оладиган «Менинг пенсиям» онлайн хизмати ишга туширилади. Барча хизматлар электрон, проактив ва интерактив шаклга ўтказилади.

2025 йил июл–октябр ойларида эса меҳнат дафтарчаларини рақамлаштириш ишлари маҳаллий ҳоким ёрдамчилари томонидан амалга оширилади. Қўшимча чора-тадбирлар доирасида, 2025 йил 1 октябрдан бошлаб пенсиядан қарз ундиришдан олдин фуқароларни хабардор қилиш тизими жорий этилади. Шунингдек, 2025 йил 1 ноябрдан Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизмат маълумотларини Пенсия жамғармасига электрон тарзда тақдим этади.

2026 йил 1 августга қадар Олий таълим вазирлиги фуқароларнинг ўқиш даврига оид маълумотларни тўлиқ рақамлаштириб, Давлат хизматлари марказлари орқали электрон базага юбориш имконини яратади.

Фармонга кўра, жами 1 080 та штат бирлиги қисқартирилади. Шундан, Ғазначилик тизимида 594 та штат қисқартирилади. Бундан 178 та штат 2025 йил 1 августда, 208 та штат 2026 йил 1 январда ва яна 208 та штат 2026 йил 1 июлда қисқартирилади. Пенсия жамғармасида эса 486 та штат қисқартирилади. Жумладан, 2025 йил 1 сентябрдан 241 та, 2026 йил 1 январдан 104 та ва 2026 йил 1 декабрдан 141 та штат тугатилади.

Шунингдек, Президент фармонида раҳбарлар сонини қисқартириш бўйича ҳам топшириқ берилган. Вазирлар Маҳкамасига 2 ой муддатда барча ижро органларида бошқарув ходимлари сонини 15 фоизгача қисқартириш таклифини ишлаб чиқиб, Президент Администрациясига тақдим этиш вазифаси юклатилган.

Бу ислоҳотларнинг асосий мақсади — ортиқча бюрократияни қисқартириш ва тизим самарадорлигини оширишдир.