Эрон енди АЭХА раҳбарини ядровий иншоотларга киритмайди

15:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Эрон парламентининг янги қарорига кўра, мамлакат Халқаро атом энергияси агентлиги (АЭХА) билан ҳамкорликни тўхтатади. Бу қарор ядровий иншоотларга хорижий назоратни чеклаш ва миллий сиёсатда мустақилликни таъминлаш мақсадида қабул қилинди.

Iran aiea

25 июн куни қабул қилинган қарорга асосан, АЭХА бош директори ва инспекторлари Эрон ядровий иншоотларига киритилмайди. Бу Ерусалим томонидан тарқатилган маълумотлар ортидан хавфсизлик чораси сифатида баҳоланмоқда. Эрон парламенти раисининг ўринбосари Ҳамид Ризо Ҳожи Бобоийнинг сўзларига кўра, Исроилда пайдо бўлган баъзи ҳужжатларда Эрондаги ядровий объектларга оид махфий маълумотлар аниқланган.

Натижада, АЭХА нафақат назорат ташрифларидан, балки ядровий иншоотларга ўрнатилиши мумкин бўлган мониторинг камераларидан ҳам маҳрум бўлади. Бу агентликнинг Эрондаги назорат фаолиятини жиддий чеклайди.

Шу пайтгача Эрон Ядровий қуролларни тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома иштирокчиси сифатида АЭХА текширувларини қабул қилиб келаётган эди. Бироқ янги қарор амалга ошса, мазкур халқаро келишув амалда ўз кучини йўқотиши мумкин.

Халқаро кузатувчилар ва дипломатик доиралар бу ҳаракатни нафақат минтақавий, балки глобал ядровий хавфсизликка таҳдид сифатида баҳоламоқда. Шу билан бирга, Эрон бу қарорни “миллий суверенитет ва хавфсизлик устуворлиги” нуқтаи назаридан оқламоқда.

Халқаро ташкилотлар Теҳронни АЭХА билан ҳамкорликни тиклашга чақирмоқда. Аммо мамлакат ички сиёсатида ядровий масалалар қай йўналишда давом этиши ҳозирча ноаниқ.