Сунъий интеллект: ҳар бир жавоб ортида 50 мл сув сарфи турибди

14:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Суҳбатлар ортида катта ресурс турибди — серверларни совитиш учун сув сарфланмоқда.

Ii

Сўнгги йилларда сунъий интеллектуал (СИ) технологиялар турли соҳаларда кенг қўлланилаётган бўлса-да, бу тизимлар ортидаги инфратузилма тўғрисида кўпчилик етарлича маълумотга эга эмас. Аслида эса ҳар бир chatbot’га берилган савол маълумот марказларида серверлар фаолиятини таъминлаш учун муайян миқдорда сув сарфланишига олиб келади.

Халқаро энергетика агентлигининг ҳисоб-китобларига кўра, АҚШдаги ўртача 100 мегаваттли маълумотлар маркази кунига тахминан 2 миллион литр сув ишлатади. Бу сув асосан серверларни совитишда қўлланилади. Бундай марказлар одатда бугунги кунда электр энергиясини ҳам анъанавий иссиқлик электр станцияларидан олади, уларнинг ўзи ҳам катта миқдорда сув талаб қилади.

«One analysis» таҳлилига кўра, GPT-3 каби модели 10−50 та ўртача ҳажмдаги жавобни ишлаб чиқариш учун 500 млгача сув сарфлайди. Бу эса ҳар бир жавоб учун 10−50 мл сув сарфланишига тенг. Шу билан бирга, сунъий интеллект ёрдамида расм ва видео яратиш жараёни оддий матн жавобларига қараганда анча кўпроқ сув сарфлайди.

Мутахассислар таъкидлашича, маълумот марказларида сув сарфини камайтириш учун баъзи компаниялар альтернатив ечимлар, яъни кам сув ишлатувчи, аммо кўпроқ электр талаб қиладиган технологиялардан фойдаланмоқда. Шу боис, кўпинча сув сарфи ва электр сарфи ўртасида мувозанатни таъминлаш муҳим муаммога айланмоқда.

Ҳозирда баъзи етакчи компаниялар кам сув истеъмолига ўтиб бўлган, бироқ бу ечим ҳар доим ҳам барча ҳудудларда иқтисодий ёки техник жиҳатдан мақбул эмас. СИ технологиялари жадал ривожланаётган бир пайтда, уларнинг экологик таъсирини ҳам ҳисобга олиш тобора долзарб масалага айланмоқда.