Ўзбекистонда уй сотиб олишда нақдсиз тўлов тартиби жорий этилади

10:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда кўчмас мулк савдоларини нақдсиз шаклга ўтказиш режалаштирилмоқда. Солиқ қўмитаси бу орқали хуфийона иқтисодиётга қарши тизимли курашни мақсад қилмоқда. Янги тартиб Президент қарори билан жорий этилиши кутилаяпти.

Bank karta

Ўзбекистонда уй сотиш ва сотиб олиш жараёнларини нақдсиз шаклда амалга ошириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 26 июн куни бўлиб ўтган Сенат йиғилишида Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев маълум қилди.

Мубин Мирзаевнинг таъкидлашича, мамлакатда хуфийона иқтисодиёт улуши ҳали ҳам юқори. Мазкур муаммони бартараф этиш учун тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда Президент қарори ишлаб чиқилган. Қарорда асосий эътибор нақдсиз ҳисоб-китобларни ривожлантиришга қаратилиши белгилаб қўйилган.

Солиқ қўмитаси вакилларининг сўзларига кўра, нақдсиз ҳисоб-китобларни жорий этиш кўчмас мулк бозоридан бошланади. Айни пайтда уй олди-сотдисида асосан нақд пуллар ишлатилаётгани маълум қилинди. Янги тартибга кўра, бундай савдоларни фақат банк орқали расмийлаштириш мажбурий бўлади. Бу эса савдода қонун талабларига риоя қилишни таъминлашга хизмат қилади.

Мубин Мирзаев таъкидлаганидек, дунёда кўплаб мамлакатлар 2030 йилгача барча йирик молиявий операцияларни нақдсиз шаклга ўтказишни мақсад қилган. Ўзбекистон ҳам шу йўлдан бормоқчи. Уй савдоларини нақдсиз тўловга ўтказиш орқали савдо қоидаларига риоя қилишни кучайтириш режалаштирилмоқда.

Маълумотларга кўра, 2024 йилда Ўзбекистонда уй нархлари бозордаги асл қийматидан ўртача 17 фоиз юқори бўлган. Ўтган йили мамлакат бўйлаб 329 мингта уй сотилган, бу 2023 йилга нисбатан 2,2 фоизга кам. Бундай пасайиш ипотека шартларидаги чекловлар ва бозорда нархлар қисман барқарорлашгани билан изоҳланди.