Ўзбекистонда янги ўқув йилидан бошлаб сиртқи таълимга қабул тўхтатилди. Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шариповнинг таъкидлашича, сиртқи таълим сифати талаб даражасида таъминланмагани бу қарорга асос бўлган.
Вазирнинг сўзларига кўра, сиртқи таълимда талабалар асосан иш билан банд бўлиб, дарсларга тўлиқ қатнашолмаяпти. «Биз бу йўналишда таълим сифатига тўлиқ кафолат бера олмаяпмиз. Бу ҳолатни яширишнинг ҳожати йўқ», деди у.
Қўнғиротбой Шарипов сиртқи таълим ўрнида масофавий ва узайтирилган таълим турлари ривожлантирилаётганини маълум қилди. Унга кўра, масофавий таълимда назорат кучайтирилади. Талабалар кундалик дарсларга компютер орқали киришлари керак бўлади. Агар улар ўрнига бошқа шахс иштирок этса ёки ноқонуний воситалардан фойдаланса, тизим бу ҳолатни аниқлаб, автоматик равишда блоклайди.
Вазир таъкидлаганидек, бугунги кунда жаҳон тажрибасида сиртқи таълим амалда йўқ. Ўзбекистонда эса кредит-модул тизими жорий этилмоқда. Шу билан бирга, халқаро рейтингдаги университетлар дастурлари қабул қилинмоқда ва хорижий профессорлар жалб этилаётгани маълум қилинди.
Қўнғиротбой Шарипов масофавий ва узайтирилган таълим шакллари орқали талабаларга олий маълумот олиш имконияти қолдирилганини, баъзи мамлакатларда таълимни 4 йил эмас, 5 ёки 10 йилда тугатиш мумкинлигини қайд этди. Вазир бу ўзгаришдан чўчимаслик кераклигини таъкидлади.
Сиртқи таълимга қабул тўхтатилган бўлса-да, ҳозирда ўқишни давом эттираётган талабалар ўз таълим йўналишларини амалдаги қоидаларга мувофиқ якунлайдилар. Сиртқи таълим асосида олинган дипломлар Ўзбекистонда тўлиқ юридик кучга эга бўлиб, бошқа таълим шаклларидаги дипломлар билан тенг ҳисобланади.