Ўзбекистонда насия бозорини давлат томонидан тартибга солиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 26 июн куни Сенат йиғилишида Марказий банк раиси Тимур Ишметов маълум қилди. Унинг таъкидлашича, ҳозирда насия савдо бўйича аниқ маълумот йўқлиги аҳоли қарз юкини баҳолашда жиддий муаммолар келтириб чиқармоқда.
Тимур Ишметовга кўра, 2025 йил 1 январ ҳолатига кўра, насия савдо билан шуғулланувчи ташкилотлар умумий портфели 8,5 трлн сўмни ташкил этган. Бу миқдор йил сайин ортмоқда. Ушбу бозорда микромолия ташкилотлари ва банклардан ташқари, асосан тадбиркорлик субъектлари фаолият юритмоқда. Кўп ҳолларда шартномаларда устама ҳақи ва реал фоиз ставкалари аниқ кўрсатилмаган.
Бу ҳолат натижасида мижозлар қарз юкини тўғри баҳолай олмаяпти ва натижада муаммоли кредитлар сони ўсиши хавфи пайдо бўлмоқда. Ҳозирда Ўзбекистонда қарз юки кўрсаткичи 50 фоиздан ошмаслиги керак, аммо банкларда насия савдоси орқали олинган қарзлар ҳисобга олинмагани сабабли, бу чеклов амалда бузилмоқда.
Шунинг учун Марказий банк насия бозорини назорат қилиш учун ҳуқуқий асос яратишни таклиф этмоқда. Жумладан, насия савдо ташкилотлари мижозлар ҳақидаги маълумотларни кредит бюросига мажбурий тарзда етказиши ва ҳар бир шартномада маҳсулотга қўйилган устама ҳақ ошкор қилиниши кераклиги таъкидланмоқда.
Тимур Ишметов бу бозордаги бизнесга қарши эмаслигини, фақат аҳолининг молиявий барқарорлигини таъминлаш учун шаффофликни ошириш талаб этилаётганини қайд этди. Ушбу бозорда товарлар банк кредитига нисбатан 14–23 фоизга қимматроқ таклиф қилинаётгани, устама миқдори эса 27,3 фоиздан 44,3 фоизгача етиши маълум қилинди.