Ҳиндистоннинг Карнатака штатида ўн миллионлаб аҳоли уран билан ифлосланган ер ости сувларини ичишда давом этмоқда. АҚШнинг Колумбия университети олимлари олиб борган тадқиқот натижаларига кўра, бу сувлар инсон саломатлиги учун катта таҳдид саналади.
Environmental Science & Technology журналида чоп этилган тадқиқотда маълум қилинишича, ўрганилган сув намунасида уран миқдори 78 фоиз ҳолатда меъёрдан юқори бўлган. Айрим жойларда бу кўрсаткич меъёрдан 75 баробар ошиб кетган.
Олимлар замонавий изотоп таҳлиллари орқали ураннинг ер ости сувларида қандай ҳаракатланишини ўрганишди. Уран оксидловчи муҳитда тез эриши ва сув билан бирга тарқалиши аниқланди. Аммо тикловчи муҳитда уран қаттиқ бирикмалар ҳосил қилиб, сув тубига чўкиб қолади.
Тадқиқот муаллифи Арижит Митра бу натижаларнинг аҳамиятини таъкидлаб, ураннинг сувдаги ҳаракати тушунарли бўлиши миллионлаб одамларнинг соғлиғини ҳимоя қилишда муҳим эканини билдирди.
Муттахассислар узоқ муддат уран билан ифлосланган сувни истеъмол қилиш буйрак, жигар ва суяк тизимига катта зарар етказишини айтишмоқда. Карнатака штатида бу хавф тахминан 25 миллион кишига таҳдид солмоқда.
Олимлар муаммони бартараф этиш учун янги чуқур қудуқларни қазишда геологик шароитларни ҳисобга олиш, сувни доимий назорат қилиш ва маҳаллий тозалаш тизимларини жорий этишни таклиф қилишмоқда. Бу усуллар фақат Ҳиндистон учун эмас, балки шунга ўхшаш муаммолар мавжуд бўлган бошқа минтақалар учун ҳам долзарб ҳисобланади.