2025 йилда криптовалюта ўғирликлари рекорд даражага чиқди

13:30 | 3 дақиқада ўқилади.

2025 йилнинг биринчи ярмида криптовалюта соҳасида $2,1 млрдлик маблағ ўғирланди. Ушбу йўқотишларнинг асосий қисми Шимолий Корея билан боғлиқ хакерлар ҳиссасига тўғри келмоқда.

Bitkoin

2025 йилнинг илк олти ойи криптовалюта тарихида энг йирик ўғирликларни қайд этди. TRM Labs таҳлилига кўра, хакерлар бу даврда жами $2,1 миллиард криптовалюта маблағини ноқонуний йўл билан ўзлаштирган.

Энг диққатга сазовор жиҳат шундаки, бу йўқотишларнинг тахминан 70 фоизи Шимолий Корея билан боғлиқ хакерлик гуруҳлари ҳисобига тўғри келади. Уларнинг жорий йилда ўзлаштирган маблағи $1,6 миллиардга яқинлашган. TRM Labs бу ҳолатни Шимолий Кореянинг стратегик сиёсий воситаси сифатида баҳолаган.

Йил бошида содир бўлган Bybit биржасига қилинган ҳужум криптовалюта тарихида энг йирик ўғирликлардан бири сифатида қайд этилди. Ушбу ҳужум натижасида тахминан $1,5 миллиардлик Ethereum ва унга боғлиқ активлар қўлга киритилган. Тергов натижасига кўра, ҳужумга кўп фойдаланувчи талаб қиладиган ҳамён провайдери Safe компанияси ходимининг иш компьютери орқали йўл очилган.

4 феврал куни содир бўлган бу ҳодиса ортида ҳам Шимолий Корея хакерлари тургани тасдиқланган. Мутахассисларнинг фикрича, бу воқеа криптовалюта хавфсизлиги борасида бутун дунёдаги ёндашувларни қайта кўриб чиқишга мажбур қилган.

TRM Labs ҳисоботига кўра, Шимолий Корея халқаро санкциялар шароитида крипто маблағларини ўз ядровий дастурларини молиялаштириш учун фаол қўлламоқда. Жорий йилда крипто ўғирликларининг 80 фоизи инфратузилма устидан назоратни эгаллаш орқали амалга оширилгани таъкидланмоқда.

Ушбу тенденция криптовалюта соҳасида хавфсизлик чораларини янада кучайтириш зарурлигини очиқ кўрсатмоқда.