Президент Шавкат Мирзиёевнинг ёшлар билан учрашувида таъкидланишича, ҳозирда Ўзбекистон мактабларида 19 минг 500 нафар информатика ўқитувчиси фаолият юритмоқда. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Массачусетс технология институтининг сунъий интеллект таълим дастури асосида ўқув дастурларини тўлиқ янгилайди.
Жорий йилда ҳар бир вилоятдан 100 нафар информатика ўқитувчиси Янги Ўзбекистон университетида ўқитилади. Ушбу ўқитувчилар кейинги икки йилда ўз ҳудудларидаги барча информатика ўқитувчиларини каскад усулида қайта тайёрлайди. Президент беш йил ичида барча мактаб битирувчилари сунъий интеллект бўйича етарли билим олишига эришиш мақсад қилиб қўйилганини билдирди.
«Рақамли авлод қизлари» танловида 7 мингдан ортиқ ўқувчи ва талабанинг таълим, сунъий интеллект, «яшил» иқтисодиёт ва иқлим ўзгариши йўналишидаги 120 та стартап лойиҳаси танлаб олинган. Бу йил камида 50 минг нафар қизлар мазкур лойиҳа билан қамраб олинади.
Президент стартапларни қўллаб-қувватлаш учун 145 миллион доллар венчур сармоя ажратилганини маълум қилди ва бу рақам 1 миллиард долларга етказилишини мақсад қилиб белгилади. Мактабларда «моҳирлик ва бизнес соати» жорий этилиб, ўқувчиларнинг ғояларини амалга ошириш учун 100 млд сўм грант ажратилади. Олийгоҳлар ўртасида «Энг яхши креатив ғоя» танлови ўтказилади ва ғолибларга 300 миллион сўмгача грант берилади.
Инновация агентлиги ва IT-парк RnD маркази орқали стартапларни прототипга айлантириш ва синовдан ўтказиш учун шароит яратилади. Ёшлар венчур жамғармаси томонидан прототип яратиш харажатларининг 50 минг долларгача қисми қоплаб берилади. Шунингдек, ҳар йили «Стартап-экспо» кўргазмаси ташкил этилади.
Президент таъкидлаганидек, ҳозир 1 миллион ёшлар турли саноат ва ишлаб чиқариш тармоқларида фаолият юритмоқда. Саноат, сервис ва қишлоқ хўжалигида ёшларнинг касбий ривожланиши учун ҳам янги тизим жорий этилади. Республика миқёсида ёшлар ўртасида касбий мусобақалар ўтказилади ва тармоқ раҳбарлари ҳар йили 100 нафар ёшни хорижий стажировкага юбориш учун 10 млрд сўм ажратади.
Мактаб битирувчилари, техникум ва олийгоҳ талабаларини иш билан таъминлаш учун 300 миллион доллар маблағ ажратилади. «Ёшлар бизнеси» ва «Келажакка қадам» дастурлари орқали 240 минг ёш иш билан таъминланади.
Бандлик вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва Миллий банк ёшлар ва иш берувчилар ўртасида онлайн платформа яратади. «Ҳаракатда даромад» электрон тизими орқали таътилдаги 3 миллион ёшни вақтинчалик ишга жалб қилиш режалаштирилган. Шунингдек, ҳар йили юқори синф ўқувчилари учун «Менинг касбим» танлови ташкил этилади.