2025 йил 26 июн куни Президентнинг «Заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш соҳасини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Қарорга кўра, қимматбаҳо металларни қайта ишлаш ҳажмини йилига 7 тоннага, заргарлик буюмлари экспортини 300 миллион АҚШ долларига етказиш ва норасмий айланмани камида 50 фоизга қисқартириш режалаштирилган.
Заргарлик марказларида фаолият юритаётган тадбиркорларга қатор имтиёзлар тақдим этилади. Қимматбаҳо металларни кечиктириб тўлаш шарти билан харид қилганда, 90 кун ичида амалга оширилган тўловларга фоиз ҳисобланмайди. 91-180 кун оралиғидаги тўловларга эса йиллик 3 фоиз фоиз қўлланилади.
«Ўзбекзаргарсаноати» уюшмаси ва Давлат асиллик даражаси назорати инспекциясининг сайёр хизматлари заргарлик марказларида ташкил этилади. Уюшмага аъзо бўлаётган тадбиркорлар аъзолик бадалини 50 фоиз чегирма билан тўлайди.
Қарорга мувофиқ, 2026 йил 1 январдан қимматбаҳо металлар ва заргарлик буюмларини реализация қилишда ҚҚСдан озод қилиш имтиёзи ва олтиндан ясалган заргарлик буюмлари чакана савдосида йиғим бекор қилинади. Шу билан бирга, 2028 йил 1 январгача заргарлик маҳсулоти ишлаб чиқарувчилар ва сотувчилар ҚҚСнинг 80 фоизини автоматик равишда қайтариб олиш имконига эга бўлади.
2025 йил 1 сентябрдан якка тартибдаги тадбиркорларга заргарлик буюмларини сотишга рухсат берилади. Шу кундан бошлаб Тошкент, Нукус ва вилоят марказларида заргарлик буюмларини текшириш ва тамғалаш бўйича сайёр хизмат йўлга қўйилади.
Қимматбаҳо металлар ва тошларга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида «Soliq» мобил иловаси орқали хабар берган шахсларга ундирилган жариманинг 50 фоиз миқдорида мукофот тўланади.
Аввалроқ, Президент Шавкат Мирзиёев мутасаддиларга заргарлик соҳасидаги муаммоларни бартараф этиш ва ривожлантириш бўйича муҳим топшириқлар берганлиги ҳамда жорий йилда хомашё, лаборатория, ўқув маркази, шоу-рум ва дўконларни бир жойда жамлаган 6 та янги заргарлик марказини очиш режалаштирилаётганлиги ҳақида хабар берган эдик.