Денов тумани собиқ судяси 5 йилга қамалди

19:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Денов тумани суди собиқ раиси маст ҳолда содир этган ҳалокатли ЙТҲ оқибатида машинада у билан бирга бўлган адвокат вафот этганди.

5 yil qamoq

Бугун, 30 июн куни жиноят ишлари бўйича Денов туман судининг собиқ раиси 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Қашқадарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида К. М.га (1982 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, жиноят ишлари бўйича Денов туман судининг раиси бўлиб ишлаган) оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинган.

Ушбу жиноят иши Қашқадарё вилоят суди раисининг ўринбосари — жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Ў. Мамадалиевнинг раислигида биринчи инстанцияда кўриб чиқилган.

Таъкидланишича, суд ҳукмига мувофиқ К. М. Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 3 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Тайинланган жазони манзил-колонияларда ўташлик белгиланган.

«Биринчи инстанция судининг ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Қашқадарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция/кассация тартибида шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлилиги маълум қилинади», — деймлали хабарда.

Маълумот учун, Денов тумани суди собиқ раиси маст ҳолда содир этган ҳалокатли ЙТҲ оқибатида машинада у билан бирга бўлган адвокат вафот этганди.