АҚШ президенти Доналд Трамп Эронни «жаҳон ҳамжамиятига қўшилиш»га чақирди. «Эрон жаҳон тартибининг изидан бориши лозим, акс ҳолда унинг аҳволи янада ёмонлашади», — деди у. Бу сўзлар ўтган ҳафтада авж олган навбатдаги тўқнашув босқичининг якунловчи нуқтаси бўлди.
Бу қарама-қаршилик Исроилнинг Эроннинг ядровий ва мудофаа объектларига берган зарбаси билан бошланиб, АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг уран бойитишга алоқадор Эрон корхоналарига беқиёс ҳужуми билан давом этди. Шунингдек, Теҳроннинг Қатардаги Ал-Удайд АҚШ ҳарбий базасига жавоб зарбаси ҳам бўлди. Сўнгра бу қарама-қаршилик якун топди ёки, аниқроғи, ҳар бир иштирокчи ўзини ғолиб деб эълон қилган баёнотлар билан тўхтаб қолди.
Қизиғи шундаки, бу сафар АҚШ президенти муаммонинг моҳиятини аниқ ифода этди. Эроннинг машаққатли ядровий дастури — бу фақат бир жиҳат, холос. Асосийси эса мамлакатни «жаҳон тартиби изига қайтариш»дир. Аммо жуда узоқ вақт давомида Эрон айнан шу изда бўлган ва маълум бир пайтда бу изда бўлиш ундан ҳам ёмон эканлигини англаб етган. Бу хулосага келгунича йўл анча узун бўлган, деб ёзади журналист Юрий Шевчук.
Шахматдаги сипоҳ-давлат
Эроннинг Ғарб олами билан кураши АҚШ сиёсий саҳнада пайдо бўлишидан анча аввал бошланган, чунки АҚШ унинг ташқи сиёсат манзарасидаги биринчи Ғарб давлати эмас эди. Аввал бошдан бу кураш давлатлар ўртасидаги тўқнашув эмас, балки Форсиянинг (Эрон 1930-йилларгача айнан шу ном билан танилган) ичидаги модерн, премодерн ва анъанавий кучлар ўртасидаги тўқнашув эди.
Бу ерларда ғарблашиш тарихи Мағриб ва Машриқнинг мусулмон давлатлари учун анъанавий сценарий бўлиб келган: буюк империялар даври анча орқада қолган, XIX асрга келиб Форсия Қожарлар сулоласи қўли остида заифлашган ва қолоқ давлатга айланган эди. Шу боис у тезда Европа мустамлакачилик давлатлари ўйинида сипоҳга айланди. Уни аввало Ҳиндистон йўлидаги ҳудуд сифатида қизиқтирганлар; бу жараёнга туртки бўлган воқеа эса Наполеоннинг Яқин Шарқда пайдо бўлиши бўлди. У Россия ёрдамида Буюк Британия Ҳиндистонига йўл очишни мақсад қилган эди. Мана шунда, 1801 йилда Британия Форсия шоҳи билан ҳарбий технологиялар эвазига биринчи ҳамкорлик шартномасини имзолади.
Қарийб бир ярим аср давомида Форсия Россия ва Буюк Британия империяларининг «катта ўйини» майдони бўлиб қолди. Улар бир-бирининг Ҳиндистон ва Марказий Осиёга йўналган экспансиясини чеклашга интилишарди. Россия мамлакатнинг шимолида, Британия эса жанубида мустаҳкамланди. Бу давр Форсиянинг Қофқозортини йўқотиши ва унинг Россия таркибига қўшилишига олиб келган муваффақиятсиз урушлар, чет эл савдогарларига берилаётган кенг имтиёзлар ва Петербург ҳамда Лондоннинг Форсияда телеграф ва темир йўл қуриш ҳуқуқи учун курашган «концессиялар урушлари»ни ўз ичига олди. Чет эл тижорий таъсирининг ортиши маҳаллий савдогарлар ва деҳқонлар норозилигини кучайтирди. Улар орасида уламолар таъсири ортиб борди, улар бу йўналишда мамлакат ўз исломийлик моҳиятини йўқотиши мумкинлигини айтишарди.
Бу даврда Америка Форсияда асосан Ассурия Шарқ черкови насронийлари билан ишлаш учун келган миссионерлар орқали намоён бўлди. Биринчи америкалик 1835 йили бу ерда яшай бошлаган — у пресвитериан Жастин Перкинс эди. У ва унинг ҳамкасблари бошланғич ва ўрта мактаблар, тиббий коллежлар, матбаалар очишарди, тилни ўрганиб, унда китоб ва журналлар нашр этишарди. Улар маърифатчилик ва волонтёрлик билан шуғулланиб, ўзига яхши ном қозонган, халқ дипломатлари сифатида эътироф этилган. Улар шарафига Теҳронда кўчаларга номлар берилган ҳоллар ҳам бўлган.
Ҳар қандай модернизация жараёнини бошдан кечирган мамлакатлар сингари, Форсияда ҳам европаликлашувга қарши чиқаётган кучлар пайдо бўлди. Деҳқонлар учун бу жараён асосан эксплуатация ва зўравонлик билан боғлиқ эди. Бир вақтнинг ўзида ислоҳотларга интилаётган зиёлилар ҳам пайдо бўла бошлади — улар уламолар билан мунозара олиб бориб, ислом мамлакатни тараққиётдан тўсиб тураётганини айтишар ва ислом Форсияга араблар орқали кириб келганини эсга солиб, исломдан олдинги Эрон анъаналарига таянган ҳолда миллий ўзлигини асослаб беришга уринардилар.
Афсуски, хориж тажрибаси билан етарлича таниш бўлмаган бу ислоҳотчилар европалик институтларни механик равишда кўчиришни таклиф қилишарди ва аграр давлатни индустриал давлатга айлантириш осон жараён эмаслигини тушунишмасди. Шунга қарамасдан, улар конституция жорий этишни қатъий тавсия қилишарди, Японияни намуна сифатида кўрсатиб (Япония 1889 йилда конституция қабул қилиб, қисқа вақт ичида технологик жиҳатдан ривожланган давлатга айланган ва ҳатто Россияни енгишга муваффақ бўлган эди).
Шоҳ ҳокимиятини чеклаш ғоялари парадокс қилиб, шиизм асослари билан кўп жиҳатдан уйғун эди. Шиалар узоқ асрлар давомида араб халифалари томонидан таъқиб қилинган ва бу уларда ижтимоий адолатга интилиш ва ҳар қандай диктатурага нисбатан нафрат руҳини уйғотган эди. Шиалар уламолари анъанавий равишда сиёсатга аралашишни рад этарди, бироқ аста-секин халқни ҳимоя қилиш йўлида ҳокимият зулмига қарши чиқишни бошлади. Масалан, шоҳ Носириддин томонидан Британияга берилган тамаки етиштириш ва сотиш концессиясига қарши мужтаҳидлар фатво чиқариб, мамлакатда тамаки сотиш ва истеъмол қилишни ман этишган ва ҳукумат концессиядан воз кечишга мажбур бўлган.
Шу маънода европапараст ислоҳотчилар ва қадимчилар кайфиятлари муштарак бўлиб қолди. Бу эса 1905 йилда Конституциявий инқилобга олиб келди — тижоратчиларнинг намойишлари ва уламолар қўллаб-қуввати билан шоҳ Музаффариддин мажлис — парламент ташкил этиш ва шоҳ ҳокимиятини чекловчи, қонун олдида тенглик ва шахсий ҳуқуқларни ҳимоя қилувчи конституция имзолашга рози бўлди. Бироқ у тез орада вафот этди. Кўп ўтмай қисқа, аммо шафқатсиз фуқаролик уруши бошланди ва тахтга аввал Россияга мойил Муҳаммад Али ўтирди, у мажлисни Россия казаклари ёрдамида тарқатиб юборди, сўнгра унинг ўғли — Қожарлар сулоласининг сўнгги шоҳи Аҳмадшоҳ тахтни мерос қилиб олди.
Айтиш жоизки, бу даврда яна бир америкалик — Табризда яшаган миссионер-ўқитувчи Ҳовард Баскервил ўзига хос жасорат кўрсатди. У шаҳарни шоҳ қўшинлари қамалида эканлигида нейтраллик сақлашни талаб қилган АҚШ консуллиги сўровига қулоқ солмади. Баскервил конституциявийларни қўллаб, улар томонига ўтди. Бир пайтлар армияда хизмат қилган Баскервил жангчилар отрядини тузиб, уларни тайёрлади ва қамални ёриб чиқишга уринди, аммо жангда ҳалок бўлди. Инқилоб етакчиларидан Сатторхон унинг винтовкасини Эрон байроғига ўраб, АҚШдаги қариндошларига юборади. Баскервилнинг дафн маросими катта шуҳрат билан ўтди ва унинг уйи ёнида ҳайкал ўрнатилди.
Шу вақтда тарих учун муҳим бўлган бир неча воқеа юз берди. 1907 йили Россия ва Буюк Британия Форсияда таъсир доираларини бўлиб олиш тўғрисида битим имзолади (формал жиҳатдан мамлакат маркази нейтрал ҳудуд сифатида қолди). 1908 йили эса Масжиди Сулаймонда саноат миқёсида қазиб чиқариш мумкин бўлган нефт топилди. Бу ишларнинг охири эди — экспедиция натижа бермаётгани учун акционерлар қазиш ишларини тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилган эди. Изланишлар бир неча йил давом этган: 1901 йили шоҳ Музаффариддин британ тадбиркори Уилям Нокс Д’Арсига 60 йиллик концессия бериб, Форсиянинг кўп қисмида (Россия назоратидаги бешта шимолий минтақадан ташқари) газ, нефт, асфалт ва минерал воскларни қидириш, қазиш, ташиш ва сотиш ҳуқуқини тақдим этган эди. Петербург бу битимни тўсишга уринди, аммо ҳал қилувчи омил 5000 фунтлик пора бўлди (концессиянинг умумий қиймати 20 минг фунт ва роялти эди). Нефт топилгач, концессия тез орада Инглиз-Форс нефт компаниясига айлантирилди.
Инқилоб даврида мажлис Британия ва Россиянинг қопқонидан қандайдир йўл билан чиқиб кетишга уринди. Бироқ буни амалга ошириш жуда қийин эди. Форсиянинг молиявий аҳволи ниҳоятда оғир эди: мамлакат катта қарзлар гирдобига ботган, шоҳ саройи эса жуда коррупциялашган, деярли барча йирик амалдорлар Петербург ёки Лондоннинг қўлидаги қўғирчоқлар эди. Шундай шароитда мажлис (бу пайтда иккинчи чақириқ) америкаликлар ёрдамига мурожаат қилишга қарор қилди. Эрон элчисининг расмий сўрови ортидан АҚШ давлат котиби давлат хазинаси бошлиқлигига ёш молиячи Морган Шустерни тавсия қилди. У аввал Филиппинда хизмат қилган эди. Шустер уч ёрдамчиси билан Теҳронга етиб келиб, дарҳол ислоҳотларга қўл урди.
Шустернинг илк қадами унинг мустақиллигини намоён этиш бўлди — у Британия ва Россия элчихоналарига ташриф буюришдан бош тортди. Кейин эса бюджет қабул қилишни талаб қилди. Шунгача Форсияда бюджет деган тушунча амалда мавжуд эмас эди: маблағ ажратиш масаласи молия вазири ҳузурига бориб сўраш орқали ҳал этилар, ҳар бир идора пулни ўз хоҳишига кўра сарфларди.
Шустер давлат хазинасидан чиқадиган барча тўловларни назоратга олди ва мақсадсиз харажатларни қисқартира бошлади. Бу ҳам хорижий элчихоналарда, ҳам саройдаги йирик гуруҳларда қаттиқ норозилик уйғотди. Янги молиячи хазина жандармериясини (солиқ полициясига ўхшаш тузилма) ташкил қилди. Энг муҳими, тахтдан ағдарилган шоҳ Муҳаммад Алининг акасига тегишли мол-мулкни мусодара қилишга буйруқ берди. У тахтни қайта эгаллашга уринишда акасига ёрдам берган эди. Бу киши Россиянинг катта дўсти эди — унинг уйини ҳимоя қилиш учун казаклар отряди келиб, жандармлар билан тўқнашувга киришди. Бу инқироз Россия қўшинларининг Теҳронга киришига ва Шустерни ишдан бўшатиш талаб қилинган ултиматумга олиб келди.
Мажлис бу талабни рад этди ва ҳукумат томонидан яна тарқатиб юборилди.
Морган Шустер АҚШга қайтиб кетишга мажбур бўлди. У ерда «Форсияни бўғиш» деб номланган китоб ёзди ва унда мамлакатнинг икки катта давлат томонидан эксплуатация қилиниши ҳақида атрофлича танқидий фикрлар билдиради. У ўз лавозимида Эроннинг мустақил сиёсатини қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилди, аммо мамлакатдан ҳайдалди. Конституция ва парламент фақат кўзбўямачиликка айланди — мамлакат ўз мустақиллигини тўлиқ йўқотди. Инглиз-Форс нефт компанияси тўлиқ Британия ҳукумати назоратига ўтди. Ёш Аҳмадшоҳ эса расмий раҳбар сифатида қолди, аслида эса унинг номидан регентлар ҳукмронлик қиларди.
Катта сафарбарлик
Биринчи жаҳон уруши даврида Россия ва Британия қўшинлари яна Форсияни эгаллаб турди. Октябр инқилобидан сўнг қизил армия қисқа муддатга Каспий денгизининг жанубий соҳилида Форсия (ёки Гилон) ССРни тузди ва Теҳронга юришга тайёргарлик кўрди. Британия эса мамлакат ҳудудидан Совет Россиясига интервенция учун база сифатида фойдаланди.
Сиёсий саҳнада янги қаҳрамон пайдо бўлди — Форсия казак бригадаси қўмондони Ризо Паҳлавий. 1921 йил феврал ойида у катта қийинчиликларсиз тўнтариш уюштирди ва янги ҳукумат тузилганини эълон қилди. Ўзи эса аввалига ҳарбий вазир, кейин эса бош вазирга айланди. Британия Ризохондан совет экспансиясига қарши туришда ёрдам кутган эди, бироқ у аввало советлар билан дўстлик шартномаси тузди ва Форсияни марказлаштириш ишларини бошлади. 1925 йилда у Аҳмадшоҳни тахтдан воз кечишга мажбур қилди ва ўзи шоҳ бўлди.
Илгари Ризо республика эълон қилиш ниятида эди, лекин уламолар бунга кескин қарши чиқишди — улар шоҳ режимига қарши эди, аммо республика шакли уларни янада кўпроқ қўрқитарди. Бунга қўшни Туркияда ҳокимиятга келган Отатуркнинг қаттиқ секуляризация сиёсати қўрқув уйғотди.
Паҳлавий сулоласининг илк вакили бўлган Ризо шоҳ илк кунлариданоқ мамлакатни Британия таъсиридан халос қилишга урина бошлади. АҚШни у шу мақсадда восита сифатида кўрарди ва шунинг учун 1920-йиллардаёқ мамлакатнинг шимолидаги нефт конларига Америка нефт компанияларига, жумладан Standard Oil (кейинги Exxon) га концессия берди. Бироқ бу компаниялар ўша пайтда мамлакатда мустаҳкамлана олмади — бу нафақат Британиянинг қаттиқ қаршилиги, балки совет ҳукумати Америка компанияларига нефт транзитини ўз ҳудуди орқали амалга оширишга рухсат бермагани туфайли содир бўлди. Улар буни кейинчалик уддалашди.
Паҳлавий кўп маротаба америкаликлар хизматларидан фойдаланган — масалан, бир неча йил мобайнида унинг молия бўйича маслаҳатчиси Артур Миллспо бўлиб, у бир қатор тузилма ислоҳотларини ўтказди, бюджет тақчиллигини қисқартирди ва қарзларга боғлиқликни камайтирди. Унинг солиқ ислоҳотлари халқ учун оғриқли бўлган, лекин инфратузилма лойиҳалари учун маблағ тўплаш имконини берган.
Миллспо ҳарбий харажатларни оширишдан бош тортгани учун лавозимидан олинди, аммо унинг ёрдамчиси Элжин Гроузклоуз шоҳ ҳукмронлигининг охирида давлат хазиначиси сифатида инфляцияга қарши муваффақиятли кураш олиб борди.
Ризо-хон ҳокимиятга келиб, уламоларга ислом ва шариат қонунларини ҳурмат қилишга ваъда берган эди. Лекин у ўз ваъдасини бузди.
Унинг модернизация дастури Отатуркникидан ҳам қатъийроқ бўлиб чиқди. Янги шоҳ мухолифатни, шу жумладан руҳонийлар қатламни ҳам шафқатсизлик билан йўқ қилар, ҳар қандай норозиликларни куч билан босар, эркин матбуотни бўғар ва кўчманчи қабилаларни камбағаллаштирар эди. Шоҳ европача тартибларни жуда қаттиқ услублар билан жорий этарди, уни бу борада Пётр I га қиёслаш мумкин — ҳатто черковнинг мулкларини мусодара қилди, барча (фақат руҳонийлардан ташқари) ғарб услубидаги кийимларни кийишни мажбурий этиб қўйди. Баъзи ҳолларда аскарлар аёллардан паранжиларини юлиб-йиртиб олишар ёки эркакларни зўрлаб ғарбча кийимга ўтказишарди.
Ризо Паҳлавий радикал антиклерикал эди ва миллий ғояни қадимги форс маданиятига асослашни хоҳлар, исломни эса ундан бутунлай чиқариб ташлашга интилар эди. У шариат судларини фуқаролик судлари билан алмаштирар, ҳаж қилишни ва ҳатто имом Ҳусайн шарафига ўтказиладиган анъанавий юришларни тақиқларди, мамлакат номи расман Эрон деб ўзгартирилди.
Бироқ, бошқа томондан, шоҳ йўллар ва электр станциялари қурди, университет очди, яҳудийларга нисбатан камситишларни тўхтатди, аёллар ҳуқуқларини кенгайтирди ва диний мактабларни ёпиб, улар ўрнида давлат мактабларини очди. Шунингдек, у нефт концессияси шартларини қайта кўриб чиқишга эришди ва британияликлар Эрон хазинасига тўлайдиган даромадларни оширди — гарчи бунинг эвазига концессия муддати яна 32 йилга узайтирилган бўлса-да. У тўлиқ иқтисодий мустақилликка эришолмади ва мамлакат ҳали ҳам қарзлар ва хорижий инвестицияларга боғлиқ ҳолда қолди.
Унинг радикал сиёсати халқнинг ҳурматини олиб келмади. Барча норози эди — қадимчилар, либераллар, британияликлар, деҳқонлар. Қизил шоҳдан қочган кўпгина уламолар жамланган Қум шаҳри диний пойтахтга айлана бошлади. Ана шу ерда кейинчалик машҳур мулло — Рухулло Мусавий Хумайний ўз фаолиятини бошлади.
Ризо Паҳлавийнинг Британия назоратидан халос бўлиш истаги уни Германия билан ҳамкорликка олиб келди, бу ҳамкорлик Иккинчи жаҳон уруши олдидан айниқса яқинлашди. Шу сабабли 1941 йил августда Британия ва СССР (ўша пайтда иттифоқчилар эди) Эронни яна оккупация қилиб, уни икки қисмга бўлиб олишди. Ҳайратда қолган шоҳ қарши туролмади ва тахтдан воз кечди, кейинги йилларда бадарғада яшади. шоҳ унвони унинг ўғли Муҳаммад Ризо Паҳлавийга ўтди.
Ўғил кўплаб отасининг тақиқларини бекор қилди, аммо унга оғир урушдан кейинги даврда ҳукмронлик қилишга тўғри келди.
Иқтисодий вайронагарчиликка сиёсий бўронлар қўшилди. Мамлакатда ўша давр сиёсатининг асосий йўналишларини акс эттирган турли партиялар пайдо бўлди: cоветларга мойил «Тўда», анъанавий йўналишдаги «Фиойини ислом» («Ислом фидойилари») ва секуляр «Миллий фронт», уни Конституциявий инқилоб давридаги эски сиёсий арбоб Муҳаммад Мусоддиқ бошқарди. Мамлакат намойишлар ва сиёсий қатллардан тебраниб турди.
Бу вақтга келиб Хумайний аллақачон Паҳлавийни шиа нуқтайи назаридан танқид қилган биринчи китобини нашр этган эди. У фақат Аллоҳ қонун чиқариш ҳуқуқига эгалигини, шу боис шиа мусулмонлар исломни бўғишга уринаётган диктаторларга бўйсунмаслик ҳуқуқига эга эканини таъкидларди. Шунинг учун мужтаҳидлар илоҳий қонунларга тўсиқ қўймайдиган ва халқни эзмайдиган раҳбарни сайлашлари лозим эди.
Мусоддиқ дастурининг энг асосий пункти нефт соҳасини миллийлаштириш бўлди. Шу шиор остида Миллий фронт 1951 йилги мажлис сайловларида ғалаба қозонди; Мусоддиқ ҳукуматни бошқарди ва деярли дарҳол режасини амалга оширишга киришди. У Инглиз-Эрон нефт компанияси билан шартномани бекор қилди ва унинг активларини экспроприация қилди, келажак фойдасининг 25 фоизини товон сифатида таклиф қилди. Табиийки, Лондон қаттиқ ғазабланди — Британия Эрон нефтни харид қилишга эмбарго эълон қилди ва Форс кўрфазидаги флотини кучайтирди. Миллийлаштириш қарори Мусоддиқни ватан қаҳрамонига айлантирди, аммо нефт қазиб олиш деярли тўхтади ва бу жиддий иқтисодий инқирозга олиб келди. 1952 йил кузида Мусоддиқ Британия билан дипломатик муносабатларни ҳам узди.
Ана шу пайтда АҚШ Эронни жуда беҳаловат қилган бурилишни амалга оширди. Гарри Трумэн Эрон масаласида Британияни қўллаб-қувватламаган эди, аммо президентликка Дуайт Эйзенҳауэр келгач, вазият бутунлай ўзгарди.
Дўстдек туюлган душман
«Темир Айк» лақабли Дуайт Эйзенҳауэрнинг кескин антикоммунистик қарашлари Эронда воқеалар занжирини қўзғатди. 1953 йилга келиб иқтисодий инқироз туфайли Муҳаммад Мусоддиқ халқ орасида ҳам, армияда ҳам оммавий қўлловдан маҳрум бўла бошлади. Миллий фронт мажлисдаги ўринларини йўқотар, уламолар эса уни секуляризмда айблар эди.
Мусоддиқ тобора кўпроқ маъмурий буйруқбозликка суяниб, сиёсий рақибларига қарши репрессиялар ўтказарди. У «Тўда» партияси коммунистларидан таянишга тиргак излади, бу эса Эйзенҳауэр маъмуриятини жиддий хавотирга солди. АҚШда Эронда коммунистик тўнтариш рўй бериши мумкинлиги тахмини кучайиб, президент Британия махсус хизматлари билан биргаликда «Аякс» операциясини тасдиқлади. Бу операция шоҳ Муҳаммад Ризо Паҳлавийй ҳокимиятини мустаҳкамлашга қаратилган эди.
CIA (МРБ) ўз иштирокини фақат 2013 йилга келиб расман тан олди, гарчи бу воқелик унгача ҳам яхши маълум эди. Ўн йил ўтиб, илк бор операциянинг демократик қонунларга зид бўлгани ҳақида расмий баёнот берилди. Операцияда норозилар, сиёсатчилар, полиция ва ҳарбийларни сотиб олиш, провокациялар уюштириш ва Мусоддиққа қарши кенг кўламли тарғибот кампанияси кўзда тутилган эди.
Аммо сабабни Мусоддиқнинг ўзи берди. 1953 йил ёзида у мажлисни тарқатиш ва бош вазирга қонун чиқариш ваколатини бериш масаласида референдум ўтказди. «Ҳа» деганлар 99,9 фоиз бўлди, аммо овоз бериш махфий эмас эди — Мусоддиқ тарафдорлари ва мухолифлари алоҳида чодирларда овоз беришга мажбур бўлганди.
Мажлис тарқатилиши ҳақидаги фармон чиқарилди. Аммо Мусоддиқ рақиблари уни диктаторликда айблаб, шоҳ ҳокимиятини тиклаш шиорлари остида намойишларни бошлади. Шоҳ унинг истеъфо бериш фармонини имзолашга кўндирилди ва вақтинча мамлакатдан чиқиб кетди. Тўнтариш кўча жангларига айланиб кетди, бу ерда «Тўда» аъзолари Мусоддиқ тарафини олди ва дастлаб тўнтариш амалга ошмай қолишига салкам сабабчи бўлди. Аммо натижада Мусоддиқ қўлга олинди, суд қилинди ва ўлим жазосига ҳукм қилинди, у кейинчалик умрбод уй қамоғи билан алмаштирилди. Миллий фронт тақиқланди.
Тўнтаришда руҳонийлар позицияси муҳим роль ўйнади. Унинг раҳбари оятуллоҳ Саййид Кошоний 1953 йилги тўнтаришгача Мусоддиқнинг ишончли иттифоқчиси бўлиб, мажлис спикери сифатида фаолият юритарди. Аммо Мусоддиқ мажлисни тарқатгани ва умуман уни катта сиёсатдан сиқиб чиқаришга урингани уни қаттиқ ғазаблантирди (Мусоддиқ қатъий ислом душмани эмас эди, у шунчаки динни сиёсатдан чиқариб, уни шахсий ишга айлантиришни истаган эди). Шу боис тўнтариш вақтида Кошоний очиқдан-очиқ шоҳ томонига ўтди.
1953 йил тўнтариши Эрон тарихидаги туб бурилиш нуқтасига айланди. У кўплаб эронликларнинг ҳукуматдан норозилиги туфайли рўй берган бўлса-да, хорижий қўллаб-қувватловсиз амалга ошиши мумкин эмас эди. Вақт ўтиши билан Эронда бу тўнтаришни АҚШнинг «буюк хизматлари» сифатида ёдга ола бошлашди.
Шундан сўнг АҚШ Эроннинг асосий шериги ва иттифоқчиси, шунингдек, унинг иқтисодиётидаги энг катта манфаатдорга айланди. Янги шартнома имзоланди: Инглиз-Эрон нефт компанияси ўрнига Европа ва Америка нефт компанияларидан иборат консорциум тузилди, уларга барча фойданинг ярми тегишли бўлди. Эмбарго бекор қилинди ва нефт сотишдан давлат хазинаси тушумлари анча ошди. Бундан ташқари, америкаликлар бошқа соҳаларда ҳам ҳамкорлик қила бошлади — масалан, 1957 йилда АҚШ Эронга ядро технологиялари ва реактор бериш ҳақида шартнома имзолади.
Шунга қарамай, нефт шартномаси эронликларни қаттиқ ғазаблантирди — кўп йиллар дўст деб кўрилган америкаликлар ҳам бошқа хорижликлар каби манфаатпараст ва айёр эканини кўрсатди. Тўнтаришдан сўнг ташвиқот билан қарши олинган шоҳ хорижликлар қўғирчоғи деган тамғада қолди. Кошоний ҳибсга олинди, кейинроқ озод қилинди. Америка компаниялари ва маслаҳатчилари мамлакатни тўлдириб юборди ва улар ҳукумат билан синонимга айланди.
Кўп ўтмай Эронни яна бир инқилоб — «Оқ инқилоб» кутарди. Бу Муҳаммад Ризо Паҳлавий бошлаган 1963 йилдаги кенг кўламли модернизацион ислоҳотлар дастури эди. У феодал қолдиқларни йўқотишга қаратилган аграр, индустриал ва ижтимоий дастурларни ўз ичига олди. Ишчилар учун фойда тақсимоти жорий қилинди, қишлоқларда мактаб ва шифохоналар қурилди, ер катта мулкдорлардан сотиб олиниб, оқиллик билан деҳқонларга сотилди, корхоналар хусусийлаштирилди — Эрон тараққий этган ва илғор давлатга айланаётганди.
Ўша даврга тегишли бўлган машҳур суратлар — ҳозир ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган, Эрон аёлларининг чўмилиш кийимларидаги, клёш шим кийган эркаклар ва умуман ғарблашишга муккасидан кетган жамият вакиллари акс этган тасвирлар — айнан шу даврнинг кўринишидир. Бу суратлар орқали «қаранг, Эрон нималарни йўқотди, одамлар қандай яшарди!» деган ғоя илгари сурилади. Бироқ айнан шоҳ режими кўпчиликнинг энг катта ғазабига сабаб бўлган эди.
Оддий ҳолат: ғарблашув неъматларидан фақат йирик шаҳарларнинг кам сонли аҳолиси баҳраманд бўларди. Нефтдан тушган фойда асосан йирик лойиҳалар ва армияга йўналтирилар, ижтимоий тенгсизлик эса ортиб борарди. Қишлоқ хўжалиги таназзулга юз тутар, деҳқонлар оммавий равишда шаҳарларга кўчиб келиб, қашшоқ туманларда яшар ва паст маош тўланадиган ишларда ишлар эди. Эрон иккига бўлиниб кетди: Теҳроннинг шимолий қиммат туманлари бойлар ва ўрта синфнинг яшаш жойи бўлса, жанубий қисмдаги қашшоқлар бу ерни умуман бошқа давлатдек кўрарди. Шу билан бирга, шоҳ мухолифатга қарши қаттиқ кураш олиб борди, CIA ва Исроил «Моссад» ёрдамида тузилган махфий полиция — SAVAK орқали шўроларни қатағон қилиб, қийноқлар қўлларди. Эрон зиёлилари демократик ғояларни қўллаб-қувватлар, бироқ миллий ҳақорат ва кўпчилик аҳолининг аҳволини кўриб, ғарб қадриятларини Эрон жамиятига қандай мослаштириш мумкинлигини англай олмас эди.
1960-йилларда Руҳуллоҳ Хумайнийнинг хутбалари оммалаша бошлади. У ҳайратланарли тарзда ҳатто кўпгина уламолар учун кутилмаган ҳолда режимнинг ижтимоий адолатсизлигини, айниқса шаҳар қашшоқларининг аҳволини қаттиқ танқид қилишга киришди. Хумайнийни бир неча бор ҳибсга олишди — унинг тарафдорлари кўчаларга чиқиб, ҳар галги намойишлар янада кенгайиб борди. SAVAKнинг қаттиққўл ҳаракатлари эса навбатдаги тўқнашувларнинг янада кучайишига хизмат қилди.
Асосан, бу жараёнлар кейинчалик «рангли инқилоблар» деб аталган ҳодисалар механизмига ўхшарди, гарчи бу атама ўша пайтда мавжуд бўлмаган бўлса-да. Шоҳ АҚШ ҳарбийлари ва маслаҳатчиларига дахлсизлик берганидан сўнг, Хумайний уни Эронни мустамлакага айлантиришда айблаб, мамлакатдан бадарға қилинди.
Шундай кайфиятлар шароитида ҳукумат анъанавий руҳонийлар қатламига қарши кампания бошлади: мадрасалар устидан назоратни кучайтириш, диний мулкни давлат ихтиёрига ўтказиш, ҳукуматга содиқ диний тузилмалар яратиш ва номақбул воизларга нисбатан таъқибларни йўлга қўйиш орқали. Хумайний эса хориждан туриб танқидни давом эттирди ва маълум бир вақтда шиа идеологиясида ҳақиқий тўнтариш қилди: уламолар ҳокимиятни қўлга олиши ва давлат бошига фақиҳни қўйиши кераклигини таклиф қилди. Анъанавий шиалар имом йўқ шароитда ҳар қандай ҳокимиятни ноқонуний деб билишарди.
Бу назария «вилояти фақиҳ» — «фақиҳ ҳокимияти» номи билан машҳур бўлди. Хумайнийнинг фикрича, ислом ғарб идеологияларидан кўра тенглик, адолат ва инсон ҳуқуқлари каби қадриятларни яхшироқ таъминлашга қодир эди.
Янги инқилоб
Ленин 1917 йил бошида инқилоб ўз умри давомида содир бўлишига ишонмаганидек, Хумайний ҳам «вилояти фақиҳ» (фақиҳ ҳокимияти) ғояси амалга ошиши учун яна бир неча асрлар керак деб ўйлар эди. Лекин воқеалар кўп куттирмади. 1970-йиллар бошидаги иқтисодий ўсиш Теҳронга кўпроқ қурол-яроғ сотиб олиш имконини берди, бироқ бу бойлик фақат танланганларга мансуб бўлиб қолди. Нефт нархи ўсиши ортидан кучайган инфляция миллионлаб одамларни ишсизликка ва кўплаб кичик савдогарларни касод бўлишига олиб келди. Шоҳ ҳокимияти тобора кўпроқ зўравонлик ва зулмга суяниб борди.
1977 йили АҚШ президенти Жимми Картер Теҳронга ташриф буюриб, Эрон ҳокимиятига тўла ишонч ва қўллаб-қувватлаш билдирди. Бу эса Эронликларнинг ғазабини янада кучайтирди, чунки Картер диктаторни олқишлаётган эди. Картер, аслида, чин дилдан ўз сўзларини айтди — у Эроннинг ташқи қиёфасига маҳлиё бўлган эди, бу қиёфа ғарбча қарашларга тўлиқ мос тушарди. Бироқ у ғарб рационализми ва моддий дунёқараши шиалик мистицизми билан қаттиқ тўқнашиб кетаётганини пайқамади.
Шиалар учун америкаликларнинг ҳаёти тарзи — «way of life» — мутлақ беҳаёлик ва пошшолик кўриниши эди. Картер шиа тарихидаги ёмонлик тимсоли — VII асрда имом Ҳусайнни ўлдирган халифа Язид билан солиштириларди, Муҳаммад Ризо Паҳлавий эса унинг қўмондонига тенглаштириларди. Мана шу даврда АҚШ эронликлар кўзида «Катта Иблис» сифатида муқаррарланди. Халқнинг ғазаби шоҳ режимига қаратилиб, АҚШга ҳам ёпишди.
1978 йили полиция Қумдаги навбатдаги намойишни ўққа тутди — талабалар мадрасани қайта очиш ва сўз эркинлигини талаб қилишарди. Мана шу воқеадан сўнг Ислом инқилоби бошланди. Бу сафар уни сиёсатчилар ёки зиёлилар эмас, балки уламолар бошлаб кетди. Бутун мамлакатни кўп минг кишилик намойишлар қамраб олди; уларни ўққа тутдилар, лекин эртаси куни одамлар янада кўпроқ чиқишарди. Халқнинг барча қатламлари шоҳдан юз ўгирди. Ишчилар оммавий тарзда иш ташлашди. Қурбонлар сони юзлаб одамлар билан, намойишчилар эса миллионлар билан ўлчанар эди. Охир-оқибат шоҳ кеч бўлса-да ёпиқ эшиклар ортидан тузатишлар ўтказишга ваъда берди, аммо энди бари кеч эди — у Мисрга қочишга мажбур бўлди, Хумайний эса, аксинча, Теҳронга ғолибона юриш билан қайтди.
Ажабланарлиси, АҚШ ҳукумати бу пайтда инқилобчиларга нисбатан совуқ, аммо тўғри муносабатда бўлар эди. Вақтинча бирлашган аксилшоҳ коалицияси мустаҳкам кўринмас ва осон тарқалишга тайёр эди. Ғолиблар янги конституция бўйича тортишар ва сафларида Америка агентларини қидиришарди.
Шу вақтда АҚШ элчихонасини талабалар томонидан босиб олиш билан боғлиқ машҳур воқеа юз берди. Кўпчилик биринчи босиб олиш 1979 йил февралида содир бўлганини унутиб қўяди, ўшанда Хумайний ва унинг ҳамроҳи — Бош вазир Меҳди Бозоргон босиб олувчилардан элчихонани тарк этишни талаб қилишган эди. Лекин ўша йил ноябрида талабалар яна элчихонани эгаллаб олишди ва ҳамма уларни яна чиқариб юборишади деб кутди. Аммо бу сафар Хумайний кутилмаган ҳолда талабалар томонини олди, Бозоргон эса истеъфога чиқди.
444 кун давомида 52 нафар америкалик дипломат Эронда гаровда ушлаб турилди. Бу воқеа бутун дунёда катта резонанс келтириб чиқарди ва Эрон радикализмининг рамзига айланди. Оятуллоҳ Хумайний ушбу инқироздан миллатни ўз шахси атрофида бирлаштириш учун усталик билан фойдаланди ва АҚШга қарши кайфиятларни қўзғади — акс ҳолда бу нафрат вақт ўтиши билан сусайиши мумкин эди. Шу вақт давомида у бир неча давлат тўнтаришлари уринишларини бартараф этишга, радикаллар отрядларини назорат остига олишга ва Эронга бостириб кирган Ироқ билан урушни бошлаб юборишга эришди. АҚШ эса, табиийки, уруш давомида Ироқни молиявий ва ҳарбий ёрдам билан қўллаб-қувватлади.
1980 йилда дипломатик алоқалар узилди ва 1984 йилда Ливандаги америкалик ҳарбийлар казармасига террорчилар томонидан қилинган ҳужумдан сўнг АҚШ Эронни терроризмни қўллаб-қувватловчи давлат, деб эълон қилди. Шу вақтдан бошлаб икки давлат ўзаро қурол билан «суҳбатлашадиган» даражага етди.
Ироқ-Эрон уруши пайтида Форс кўрфазида бир қатор ҳарбий тўқнашувлар содир бўлди, 1988 йилда эса АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари тасодифан Эрон йўловчи самолётини қирувчи деб ўйлаб, уриб туширди. Шунга қарамай, яширин алоқалар тўхтамади: масалан, 1987 йилда АҚШ ҳарбийлари ва маъмуриятининг айрим юқори лавозимли шахслари эмбаргони бузиб, Эронга қурол сотгани билан боғлиқ можаро кўтарилди.
Ислом инқилоби Хумайний томонидан ғарб рационализациясига қарши қўзғолон сифатида кўрсатилди. У қурган фундаменталистик жамият «куфр дунёсида» муқаддас бир қамал қилинган қалъа сифатида яшаши лозим эди. Ҳар қанча иқтисодий қийинчиликлар бўлмасин, Ироқ билан уруш мамлакатда бирдамликни сақлаб туришга ёрдам берди. Хумайний ёшлар орасида диний фанатизмни қўзғатиб, уларни «шайтон»га қарши курашга фронтга жўнатишга қодир эди.
Шу билан бирга, бу «бирдамлик» асосан куч билан таъминланарди. Амалда эса мунозаралар тўхтамади, чунки ҳатто кўплаб ортодокслар учун ҳам Хумайний ортиқча радикал кўринарди. Хумайний вафотидан сўнг Эрон сиёсати анча юмшади ва енгилроқ йўл тута бошлади. 1989 йилги янги конституция олий руҳий раҳбар ҳокимиятини унчалик мутлақ қилиб қўймади. 1990 йиллар давомида Эрон АҚШнинг турли хил санкциялари остида қолди. Улар деярли ҳар бир янги президент томонидан кучайтириларди, бироқ баъзида қисман юмшатишлар ҳам амалга оширилган эди.
Икки давлатнинг бир-бири ҳақидаги ўзаро афсоналари ҳануз жуда кучли. Бугунги кунда асосий баҳс мавзуи Эроннинг ядро дастури ҳисобланади. Эронда уни мустақилликнинг энг муҳим белгиси сифатида кўришади, Ғарбда эса, айниқса оятуллоҳ Али Хоманаийнинг доимий баёнотлари туфайли, бу дастур эҳтимолий хавф сифатида баҳоланади. АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам ўзидан аввалги президентлар каби Эроннинг ядро қуролига эга бўлишини ҳеч қандай шароитда йўл қўймаслигини таъкидлаб келади. Шу билан бирга, қатъий қарама-қаршиликларга қарамасдан, бу мулоқот барибир мавжуд ва давом этмоқда, Теҳрон эса бу қуролдан воз кечишга тайёрлигини ҳам ваъда қилмоқда.
Эронда фундаменталистлар ва кўпроқ плюрализм ва секулярлашув тарафдори бўлган прагматиклар ўртасидаги тортишув ҳамон давом этмоқда. ХХ асрнинг охирига келиб Эронда шаклланган уч хил идентификация — исломий, ғарбпарвар ва исломгача бўлган форс мероси — ҳалигача бир-бири билан муросага кела олгани йўқ. Аммо вақт-вақти билан Эронда президентликка либерал қанот вакиллари сайланади, норозилик намойишлари эса, ҳар қанча бостирилса ҳам, камида амалга ошиши мумкин — бу жиҳатдан Эрон, масалан, Россиядан фарқ қилади.
Эрон назариячилари таърифича, демократия мутлақ инкор қилинмайди, бироқ у фақат одамлардан эмас, балки ер юзидаги Аллоҳ вакиллари орқали худодан келса, адолатли деб топилади.
Эҳтимол, кейинги босқичда Эрон ўз риторикасини ўзгартиради ва Ғарб билан яқинлашишга интилар. Ахир, ҳар қандай зиддият абадий бўлмаслиги мумкин. Бироқ шуни ишонч билан айтиш мумкинки, Эрон фундаментализми кўп йиллик катта давлатлар томонидан кўрсатилган таҳқир ва менсимаслик муносабатига реакция сифатида юзага келган ва ҳар қандай яқинлашув янги колониализм шартларида рўй бериши мумкин эмас.