Янги патрон ҳақида Украина бош вазири ўринбосари ва рақамли трансформация вазири Михаил Фёдоров маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, патронлар ташқи кўриниши билан оддий ўқ-дориларга ўхшайди, бироқ уларнинг ичидаги махсус жанговар қисми FPV-дронлар ёки «Мавик» каби дронларни самарали йўқ қилиш имконини беради.
Фёдоровнинг таъкидлашича, ишлаб чиқарувчи Brave1 мудофаа кластери ушбу патронларни НАТО стандартлари бўйича кодификация қилиб бўлган. Бу эса янги маҳсулот халқаро стандартларга тўлиқ мос келиши ва Украинанинг НАТО билан ҳамкорликдаги мудофаа салоҳиятини оширишини англатади.
Вазирнинг айтишича, мақсад ҳар бир пиёда аскарини шундай патронлар билан таъминлаш ва ҳаводан хавф пайдо бўлган тақдирда автоматни махсус ўқ-дорилар билан тезкор жиҳозлаш имкониятини яратишдан иборат.
Brave1 мудофаа кластери эса Украинадаги янги мудофаа технологиялари ва инновацион қурол-яроғ ишлаб чиқишда фаол иштирок этиб, дронлар ва уларга қарши кураш воситалари соҳасида ҳам жиддий иш олиб бормоқда.