Ўзбекистон аэропортларида 1 июлдан бошлаб ички рейслар учун электрон ҳужжатлар орқали рўйхатдан ўтиш тизими жорий этилади. Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати маълум қилди.
Эндиликда ички парвозларда йўловчилар шахсини тасдиқловчи ҳужжатларнинг электрон кўринишини тақдим этишлари мумкин. Бу жараён Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки «Ижтимоий карта» мобил иловаси орқали амалга оширилади.
Аэропортда рўйхатдан ўтиш пайтида йўловчи шахсий кабинетга кириб, шахсий маълумотлар саҳифасидаги электрон ҳужжатни рўйхатдан ўтиш ходимига кўрсатиши талаб этилади. Ҳужжатнинг сканерланган нусхаси, фотосурат ёки скриншотлари қабул қилинмайди.
Бу янги тартиб 2023 йил декабрида қабул қилинган ҳукумат қароридан келиб чиқади. Қарорга мувофиқ, 1 июлдан Ўзбекистонда шахсий ҳужжатларнинг электрон нусхалари расмий юридик кучга эга бўлади.
Ягона портал ва «Ижтимоий карта» мобил иловасида электрон хизматлар жорий қилиниб, ушбу платформалар орқали берилган ҳужжатлар мамлакат ҳудудида мажбурий қабул қилиниши белгиланган.
Электрон кўринишда қўлланиладиган асосий ҳужжатлар қаторида: биометрик паспорт, ID-карта, ҳайдовчилик гувоҳномаси, туғилганлик ҳақида гувоҳнома, никоҳ қайд этилганлик, пенсия гувоҳномаси, автоҳужжатлар, талаба гувоҳномаси ва бошқалар мавжуд.
Эндиликда банклар, нотариуслар, аэропортларда ички рейслар ва темир йўл вокзалларида қогоз ҳужжатлар талаб қилинмайди. Давлат органлари ҳам ушбу ҳужжатларни қоғоз кўринишида сўраш ҳуқуқига эга эмас.
2024 йил май ойида Face ID орқали идентификация тизими жорий этилди. Шунингдек, Mobile-ID орқали шахсни аниқлаш ва қайта рўйхатдан ўтиш давлат хизматлари марказларида бепул амалга оширилади.
Жорий йилда аҳолининг ягона электрон реестри жорий қилинади, бу реестр шахснинг барча шахсий маълумотларини ўзида жамлайди.