Доналд Трамп Сурияга қарши амал қилган санкцияларни бекор қилиш ҳақидаги қарорни қабул қилди. Оқ уй баёнотига кўра, ушбу қадам Сурияда барқарорлик ва тинчликни қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилмоқда.
Санкцияларнинг бекор қилиниши Суриянинг иқтисодий блокададан чиқишига йўл очади. Бироқ, Трамп таъкидлаганидек, инсон ҳуқуқини бузган шахслар, гиёҳванд моддалар савдосида иштирок этувчилар, кимёвий қуроллар билан боғлиқ шахслар, шунингдек, собиқ Президент Башар Асад ва унинг яқинлари бундан мустасно бўлади. Уларнинг манфаатларига қаратилган барча чекловлар ўз кучида қолади.
Трамп Давлат котиби Марко Рубиога Суриянинг «терроризмга ҳомийлик қилувчи» давлат мақомини қайта кўриб чиқиш ва БМТда санкцияларни юмшатиш масаласини муҳокама қилиш бўйича топшириқ берди.
Оқ уйга кўра, бу қарор халқаро ҳамжамиятнинг Сурияда тинчлик ва барқарорликни тиклаш ҳаракатларига қўшимча рағбат беради.